Ўзбекистон Республикаси Президентлигига O’zLiDePдан кўрсатилган номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Сайёра Файзиеванинг навбатдаги сайловолди ташвиқот тадбири Тошкент туманида ўтказилди.
Унда ҳудуд фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Дилбар Усмонова, Атхам Назирқулов ва Нодир Абдувалиев, маҳаллий Кенгашдаги партия депутатлари, нуронийлар, фахрийлар, аҳоли вакиллари ҳамда хайрихоҳ ёшлар вакиллари қатнашди. Ишончли вакил Сайёра Файзиева Президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида ватанимизни янада равнақ топтиришга, ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароит яратишга йўналтирилган мақсадлар, вазифалар илгари сурилгани ҳақида маъруза қилди.

Дастурда белгиланган мақсад ва вазифаларни амалга оширишдан кўзланган мақсад – Ўзбекистонда инсон қадрини янада юксалтириш, халқимиз турмуш фаровонлигини бундан-да ошириш, “давлат – инсонлар учун” деган халқчил ғояни тўла амалга татбиқ қилишдан иборат. Хусусан, номзод сайловолди дастурининг “Ижтимоий хизматлар кўрсатиш ва камбағалликни қисқартириш бўйича ислоҳотлар” номли бандига кўра, келгуси етти йилда мамлакат ижтимоий ҳимоя тизимининг вазифаси аҳолини оғир аҳволдан чиқариш ва жамиятда ўз ўрнини эгаллаши учун кўмак беришдан иборат.

Туманларда ижтимоий хизматларни “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатадиган ижтимоий хизматлар марказлари, психолог, ҳуқуқшунос, ижтимоий ходимдан иборат “мобиль гуруҳлар” фаолиятининг йўлга қўйилиши бу соҳадаги вазиятни тубдан ўзгартириши муқаррар. Болаларни васийликка олиш тизими, васийларни танлаш мезонлари ва мониторинг қилиш тартиби қайта кўриб чиқилади. Шунингдек, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизимни яратиш – ҳал қилиниши лозим бўлган асосий масалалардан бири бўлади. Қолаверса, ногиронликни белгилаш бўйича ҳозирги тиббий моделдан ижтимоий моделга ўтиш учун зарур чоралар кўрилади.

Дастурдаги яна бир эътиборли жиҳат шундан иборатки, тобора шиддат билан ривожланиб бораётган замон талабига мувофиқ барпо этилаётган Янги Ўзбекистон – аёллари ҳаётидан рози бўлиб, бахтли саодатли яшайдиган мамлакатга айлантирилади. Уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини, сифатли таълим олишини таъминлаш, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш, гендер тенглик масалалари бундан буён ҳам энг асосий вазифа бўлиб қолади. Туғуруқ таътилидаги аёллар учун онлайн ишлаш тизимини жорий этиш юзасидан барча ҳуқуқий асослар яратилади.

Учрашувда сўзга чиққанлар партиядан кўрсатилган номзод сайловолди дастуридаги ўзларининг эътиборларини тортган жиҳатлар ҳақида мушоҳада юритишаркан, унда белгиланган ҳаётбахш ғоя, устувор мақсад ва вазифалар халқ манфаатига хизмат қилишини эътироф этишди.
Тадбирда ишончли вакил сайловчиларни юртимиз манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилишни ўз ҳаёти ва фаолиятининг мазмуни деб билган, мамлакатни Янги Ўзбекистон тараққиёти учун бирлаштиришга қодир бўлган номзод Шавкат Мирзиёевга овоз беришга чорлади.
А.Мусаев,ЎзА.