Муносабат
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда энергетика соҳаси мамлакат иқтисодий тараққиётининг асосий устунларидан бири сифатида жадал ривожланмоқда. Сабаби, бугун иқтисодиётнинг тез суръатларда ўсиши, аҳоли эҳтиёжи ортиши ва саноат кенгайиши энергетика инфратузилмасини тубдан модернизация қилишни тақозо этмоқда.
Шу боис, охирги етти-саккиз йил ичида давлатимиз раҳбари бошчилигида соҳада кенг кўламли бунёдкорлик лойиҳалари амалга ошириб келинмоқда. Буни Ўзбекистонда барқарор энергетика тизимини шакллантириш, “яшил” энергия улушини ошириш, халқаро ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда аҳоли учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича Ҳукуматнинг изчил сиёсати мисолида ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, 5 декабрь куни пойтахтимизда бўлиб ўтган “Барқарор энергетика – Янги Ўзбекистоннинг келажак сари ишончли қадами” мавзусидаги анжуманда ҳам Президентимиз нутқ сўзлаб энергетика соҳасидаги ислоҳотларнинг икки асосий мақсадидан бири – ишончли ва узлуксиз энергия таъминотини йўлга қўйиш, иккинчиси эса – замонавий, экологик тоза ва қайта тикланувчи манбалар ҳисобига энергетика таъминотини таъминлаш эканлигини таъкидлади. Бу икки йўналиш мамлакатнинг иқтисодий барқарорлиги ва экологик хавфсизлиги учун устувор аҳамиятга эга.
Жумладан, ўтган даврда соҳага 35 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестициялар жалб этилиб, 9 минг мегаватт қўшимча қувватлар ишга туширилгани энергетика соҳасига бўлган улкан эътибордан далолатдир. Қолаверса, электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмининг 2017 йилдаги 60 миллиард киловатт-соатдан 85 миллиард киловатт-соатга ошиши мамлакатнинг энергетик мустақилликка интилишини ёрқин намойиш қилади.
Энг муҳим жиҳатлардан яна бири қайта тикланувчи энергия манбаларининг улуши изчил равишда ортиб бораётганидир. Сўнгги саккиз йилда салкам 5 минг мегаваттли қуёш ва шамол станциялари ҳамда 400 мегаваттли ГЭСлар ишга туширилди. Бу орқали мамлакатда “яшил” генерациянинг улуши 30 фоизга етди. Бу ўзгаришлар нафақат энергетика тизими диверсификацияси, балки юқорида таъкидлаганимиздек, экологик барқарорликни ҳам таъминлайди.
Энг муҳим экологик самаралардан бири тоза энергия ҳисобига 7 миллиард куб метр табиий газ иқтисод қилиниб, 11 миллион тонна зарарли моддаларнинг атмосферага чиқиши олди олинмоқда. Бу ресурслар келгусида яна минглаб лойиҳаларни амалга оширишда муҳим ҳомашё вазифасини бажаради.
Шунингдек, энергетика тармоғидаги ислоҳотлар фақат генерация қувватларини ошириш билан чекланиб қолмаяпти. Инфратузилманинг замонавийлаштирилиши ҳам кун тартибидан муҳим ўрин эгалламоқда. Сўнгги йилларда 69 минг километр электр тармоқлари, 14 мингта трансформатор, юқори кучланишли подстанциялар тубдан янгиланди.
Бу ўзгаришлар аҳоли, саноат ва қишлоқ хўжалиги учун энергия таъминоти барқарорлигини оширди. Шу билан бирга, маҳаллий корхоналарнинг ушбу жараёнлардаги иштироки миллий ишлаб чиқарувчиларнинг имкониятларини кенгайтириб, уларнинг қиймат занжиридаги ўрнини мустаҳкамламоқда. Энг муҳими минглаб аҳоли ўз уйидан олис бўлмаган ҳудудда даромадли иш ўринларига эга бўлганлигидир.
Шу билан бирга, Саудия Арабистонининг “ACWA Power”, Туркиянинг “АКSА”, “Cengiz Enerji”, Бирлашган Араб Амирликларининг “Masdar”, Хитойнинг “China Energy”, “Datang”, “Sinoma”, “Poly”, “CNTIC”, “Eagle Ray”, Франциянинг “EDF”, “Voltalia”, “Total Energies”, Германиянинг “Siemens Energy” ва Қатарнинг “Nebras” компаниялари билан ҳамкорликда нафақат инвестиция, балки глобал инновацион ечимлар Ўзбекистон ва минтақага тадбиқ этилмоқда.
Энергетика соҳасидаги 42 та объектнинг ишга туширилиши ва 11 миллиард долларлик лойиҳаларнинг амалга оширилиши мамлакатнинг халқаро ишончини кучайтирди. Яна 21 та лойиҳага старт берилиши келгусида энергетика қувватларини янада кенгайтиришга хизмат қилади. Хусусан, 2030 йилгача 17 минг мегаватт қўшимча “яшил” қувватлар ишга туширилади. Натижада, “яшил” энергиянинг умумий генерациядаги улуши 54 фоизга етказилади.
Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, “яшил” энергетика соҳасидаги ислоҳотлар партиямизнинг 2024-2029 йилларга мўлжалланган Сайловолди дастуридаги келгуси беш йилликда мавжуд энергия қувватларининг камида 30 фоизини муқобил энергия манбалари ташкил этишига эришиш, жаҳоннинг илғор технологияларига асосланган ҳолда миллий автосаноатда электр двигателли енгил автомобиллар, автобус ва юк машиналари ишлаб чиқаришни ўзлаштириш ҳамда 2030 йилга қадар ички ёнув двигателли транспорт воситаларининг камида 30 фоизини экологик тоза транспорт воситаларига алмаштириш каби мақсадлари ижросига қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу халқро анжуман ва унда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг энергетика сиёсатини янги босқичга олиб чиқишга қаратилган мустаҳкам қадам дейиш мумкин. Қолаверса, ушбу йўналишдаги ислоҳотлар нафақат иқтисодий самара, балки экологик барқарорлик, халқаро интеграция, аҳоли фаровонлиги ва технологик янгиланишни таъминламоқда.
Муҳаррам ДАДАХЎЖАЕВА,
Юнсобод туманидаги 50-оилавий поликлиника мудири,
“Адолат” СДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси.
ЎзА