26 январь – Давлат божхона хизмати органлари ходимлари куни
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар нафақат халқимиз, балки халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда.
Бунинг натижасини халқаро рейтингларда, фан, таълим, спорт, маданият, иқтисодиёт ва бошқа соҳаларда эришаётган ютуқларимизда кўриш мумкин.
Шунингдек, тадбиркорлик фаолиятини либераллаштириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, юқори қўшилган қийматли рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқиш орқали экспорт салоҳиятини ошириш бобида муҳим ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
БОЖХОНА МАЪМУРЧИЛИГИДАГИ ИСЛОҲОТЛАР
Республикамиз Президентининг божхона соҳасига эътибори билан божхона маъмурчилигини ислоҳ қилиш бўйича белгилаб берилган асосий устувор вазифалари доирасида, - 140 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, шундан 7 та Қонунлар, 14 та Президент ҳужжатлари, 40 та Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, 81 та ДБҚнинг идоравий қарорлари қабул қилинди;
- 12 та органнинг рухсатнома ҳужжатлари бекор қилинди;
- божхона расмийлаштирувига ҳужжатларни фақат электрон кўринишда ва шубҳа бўлган тақдирдагина асл нусхасини сўраб олиш механизми яратилди;
- расмийлаштирув жараёнидаги ҳужжатлар салмоғи қисқартирилди;
- товар ва транспортларни рўйхатга олиш учун юритилган барча китоблардан воз кечилди;
- божхона органларига ҳисоботларни тақдим этиш талаби бекор қилинди;
- илгари ҳар бир расмийлаштирувда тақдим этилиши шарт бўлган ТИФ ТН коди бўйича экспертиза хулосасини тақдим этиш талаби бекор қилинди;
- божхона юк декларацияларини автоматик рўйхатга олиш ва автоматик тақсимлаш тизими жорий этилди (илгари божхона расмийлаштируви учун 2-3соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда бу жараён 1-2 дақиқада амалга ошириладиган бўлди).
- божхона тўловларини мобил-банкинг хизмати орқали онлайн ўтказиш йўлга қўйилиб, ташқи иқтисодий фаолият қатнашчиларига тегишли тўловларни амалга оширишда қулайликлар яратилди.
- 2019 йилдан божхона назоратида товарлар ва транспортларни “ялпи” божхона кўриги ўтказишдан воз кечиб, танлаб текширишга асосланган “Хавфни бошқариш” тизими жорий этилди.
Натижада, расмийлаштирув вақти экспортда 3 баробарга, импортда 2 баробарга қисқарди. Кўриклар сони 1,4 баробарга камайиб, самарадорлиги 1,5 баробарга ошди.
Тизим ишга туширилгунига қадар бир йилда ўртача 24-25 минг ҳолатда божхона экспертизалари тайинланган бўлса, ҳозирда уларнинг сони 2.5 баробаргақисқарди (2018 й. 24121 та, 2020 й. 4422 та, 2021 й. 9596 та).
Ушбу ўзгаришлар халқаро экспертлар томонидан эътироф этилиб, “Бизнес юритиш” халқаро рейтингининг “Халқаро савдо” индикаторида Ўзбекистон 13 поғона юқорига кўтарилишига эришилди.
Давлат бюджетига 2016 йилга (5,6 трлн сўм) нисбатан 2021 йилда 6 баробар кўпроқ яъни 33,2 трлн. сўм божхона тўловлари ундирилди.
Яратилган тизимлар ёрдамида, бугунги кунда божхона қийматини пасайтириш, имтиёзларни нотўғри қўллаш, товарлар ТИФ ТН кодини нотўғри белгилаш ёки товарларни бошқа ном билан расмийлаштириш каби салбий ҳолатларнинг олди олинмоқда.
Хусусан, 2021 йилда бу каби ҳолатлар бўйича қўзғатилган жиноят ишлари миқдори 2018 йилга нисбатан 25 %га камайган бўлсада, аниқланган ҳолатлар қиймати бўйича 261млрд. сўмга ёки 3 баробарга ортган.
Маълумот учун: 2017 й. 125 млрд. сўм, 2018 й. 144 млрд. сўм, 2019 й. 194 млрд. сўм, 2020 й. 406 млрд. сўмлик имтиёз берилган. 2021 й. 858 млрд. сўмлик товарларнинг ноқонуний айлануви тўхтатилган.
Контрабанда ва божхона қонунбузилишига қарши курашиш йўналишида ўтказилган тадбирлар ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 61 мингдан зиёд ҳолатда 1,6трлн. сўмлик ноқонуний товарлар, 1,1 тн гиёҳвандлик воситалари, 174та ўқ отар қуроллар ва бошқа контрабанда ашёлари аниқланган.
АҲИЛ ҚЎШНИЧИЛИК БОЖХОНАДАН БОШЛАНАДИ
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташқи сиёсат борасида хорижий давлатлар, айниқса қўшни мамлакатлар билан олиб борилаётган конструктив ва ўзаро манфаатга асосланган ҳамкорлик янги поғонага кўтарилди.
Бу борада 2017 йилда Муҳтарам Президентимизни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессияси минбаридан туриб “Ўзбекистон ўзаро мулоқот, амалий ҳамкорлик ва яхши қўшничиликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоридир...Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий этган Марказий Осиё – биз интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир” деб таъкидлагани ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлади.
Бундан ташқари, 2021 йилнинг 5-6 август кунлари Туркманистондаги “Аваза” миллий сайёҳлик зонасида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида муштарак сиёсий иродамиз ва биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз натижасида минтақамиз яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ҳамда барқарор ривожланиш маконига айланиб бораётганлигини таъкидладилар.
Тожикистон ва Қирғизистон билан чегарада жойлашган қатор божхона постлари фаолияти қайта йўлга қўйилиб, халқларнинг қўшничилик ва дўстлик алоқаларига янги ҳаёт бахш этди.
Таъкидлаш жоизки, 2021 йилда қўшни давлатлар билан товарлар ташқи савдо айланмаси 6,2 млрд долларни ташкил этиб, бу кўрсаткич 2016 йилга нисбатган 3,6 млрд. долларга ёки 2,4 баробарга ўсди.
Жумладан, Ўзбекистондан қўшни давлатларга экспорт қилинган товарлар ҳажми 1,2 млрд. долларга ёки 77фоизга ўсиб, жами 2,6 млрд долларни ташкил қилди.
Табиийки, бу борадаги товарлар айланувини янада кенгайтириш мақсадида, қўшни давлатлар билан чегарадаги постларимизнинг инфратузилмасини янада яхшилашни тақозо этади.
Шу мақсадда “Айритом”, “Олот”, “Яллама”, “Фарғона”, “Ғишткўприк” чегара постлари дунёнинг илғор технологиялари билан жиҳозланди.
Ҳозирда божхона постлари замонавий инспекцион кўрик мажмуалари, рентген аппаратлари, радиацион портал қурилмалари, видеокузатуви камералари, боди сканер, автотарозилар билан жиҳозланган ҳамда автотранспортларнинг давлат рақамини аниқлаш тизими ўрнатилган.
Айниқса Афғонистон, умуман, Жанубий Осиё давлатлари билан савдо-иқтисодий алоқаларни жадал ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи, икки давлат ўртасидаги ягона ўтказиш пункти ҳисобланувчи “Айритом” чегара божхона пости халқаро стандартлар асосида қайта қурилди ва жиҳозланди.
Ушбу постда бир суткада 2 минггача йўловчига хизмат кўрсатилади. Ўрнатилган янги русумдаги инспекцион кўрик мажмуаси автотранспортларни кўрикдан ўтказувчанлиги юқорилиги (бир соатда 200 тагача) билан олдинги кўрик мажмуаларидан кескин фарқ қилади.
Постда бир йўла уч хил – поезд, автотранспорт ва фуқароларга хизмат кўрсатилади. Шу боис, ўтказувчанликни тезлаштириш ва фойдаланувчиларга қулайлик яратиш мақсадида постда ягона дарча тамойили жорий этилган.
Таҳлиллар, Ўзбекистонга кириб келаётган товарларнинг 70 фоизи, чиқиб кетаётган товарларнинг 60 фоизи Қозоғистон Республикаси орқали ҳаракатланишини кўрсатди.
Муҳтарам Президентимизнинг 2021 йил 5 – 6 декабрь кунлари Қозоғистон Республикасига ташрифлари доирасида икки давлат божхона хизматлари раҳбарлари учрашувида бир қатор чора-тадбирлар келишиб олинди. Жумладан:
I. Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси раиси (А.Алтинбаев), Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири (Б.Мусин) ҳамда Бош прокурори (Г.Нурдаулетов) билан фаолиятни рақамлаштириш масалаларида ўзаро ҳамкорлик қилишга келишилди.
Мазкур йўналишда 2021 йил декабрь ойида Давлат божхона қўмитаси ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги мутахассислари томонидан Қозоғистон тажрибаси билан танишилди.
Олинган маълумотлар асосида қайта қурилаётган Самарқанд аэропортида инновацион технологияларни қўллаш орқали божхона назоратини йўловчиларга сезилмайдиган даражага келтириш чоралари кўрилмоқда.
2021 йил декабрь ойида Қозоғистон Давлат даромадлари қўмитаси раиси бошчилигидаги делегация билан “Ғишткўприк” ва “Жибек жолы” чегара постларида ишчи учрашуви ўтказилди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон чегара ўтказиш пунктларини реконструкция қилиш ишларини 2022 – 2024 йилларда бир вақтда амалга ошириш (Навоий – Капланбек, Даут-Ота – Тажен, Нажимов – Казыгурт, Сирдарё – Атамекен);
Транзит ташувлар тўғрисида олдиндан маълумот алмашиш тизимини йўлга қўйиш;
Маълумот учун: 2018 йилдан экспорт маълумотлари ҳақида олдиндан ахборот алмашинуви йўлга қўйилган.
Божхона статистикаси маълумотларини ўзаро таққослаш ишларини ташкил этиш;
Энергия ресурлари олиб ўтилишини биргаликда назорат қилиш бўйича имзоланган битим ижросини амалий ташкиллаштириш;
Контрабандага қарши курашиш, ходимлар малакасини ошириш, божхона лабораторияси ва кинология соҳаларида ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиб олинди.
Шунингдек, “Ғишткўприк” чегара ўтказиш пунктини модернизация қилиш концепцияси ишлаб чиқилаётганлиги маълум қилинди.
Учрашув якунида божхона соҳасидаги долзарб масалаларни тезкор ҳал этишга қаратилган ишчи учрашувларни давом эттиришга келишилди.
АНИҚ ЎЙЛАНГАН КОНЦЕПЦИЯ – СОҲА ТАРАҚҚИЁТИ АСОСИ
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимизнинг 2020 йил 5 июндаги ПФ-6005-сонли Фармони билан божхона органлари янги босқичга қадам ташлади.
Ушбу фармон билан 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва самарадорлигини ошириш Концепцияси тасдиқланди ҳамда фаолиятнинг энг устувор ва асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Ҳозирда, Концепция доирасида, 23 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шундан 6 та Қонун, 2 та Президент Қарори, 10 та Вазирлар Маҳкамаси қарори ва 5та идоравий ҳужжатлар ҳамда 12 та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ишлаб чиқилди.
Бунда, товарларни расмийлаштиришда соддалаштирилган тартиботларни тадбиркорларнинг ҳалоллик даражасидан келиб чиқиб кўпайтириш, товарлар чиқариб юборилгандан сўнг божхона аудитини амалга ошириш, декларациялашнинг умумий сарф вақтини қисқартириш, ТИФ қатнашчиси томонидан божхона идоралари хизматини баҳолаш имконияти яратиш ишлари амалга оширилди. Товар ва транспорт воситаларини кузатиш тизимини электрон пломбалар асосида жорий қилиш чоралари кўрилмоқда.
“Хавфни бошқариш” ахборот тизимини такомиллаштирилиши натижасида 76 фоиздан ортиқ юклар соддалаштирилган тартибда расмийлаштирилмоқда, атиги 24 фоиз юклар текширувдан ўтказилмоқда. “Экспорт” режимида эса бу кўрсаткич 16фоизни ташкил этмоқда.
Янги “Авторасмийлаштирув” ахборот тизими ишлаб чиқилиб, божхона ходими аралашувисиз декларацияларнинг расмийлаштирилиши йўлга қўйилди.
Автоматик равишда расмийлаштирувни амалга ошириш механизми республика экспорт салоҳиятини ошириш, миллий маҳсулотимизни божхона расмийлаштирувидан ўтказиш жараёнини янада соддалаштириш имконини беради. Табиийки, бу қонунга итоаткор тадбиркорларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашда муҳим янгилик ҳисобланади.
Ушбу ахборот тизими орқали 2021 йилда 3 мингдан зиёд декларациялар орқали 90 млн. доллардан ортиқ товарлар авторасмийлаштирилди.
ХЙТ дафтарчалари асосидаги ташувларни электрон расмийлаштиришни назарда тутувчи синов тариқасида “еТIR” лойиҳаси амалиётга жорий этилди.
Содда қилиб айтганда, мазкур тизим миллий божхона тизимлари ўртасида товар ва транспорт воситалари, контейнерларнинг халқаро транзити учун хавфсиз маълумотлар алмашинувини таъминлашга хизмат қилади.
Европа иқтисодий комиссияси маълумотларига кўра, келажакда еТIR халқаро тизими имкониятларидан 34 мингдан ортиқ транспорт ва логистика компаниялари фойдаланиши, мазкур тизим трансчегаравий ташув вақтини 92 фоизгача, харажатларни эса 50 фоизгача камайтириш имконини беради.
Мамлакатимиз транзит салоҳиятини ошириш мақсадида, еТIR лойиҳаси синов тарзида илк бор 2020 йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида йўлга қўйилган бўлса, 2021 йилнинг май ойидан бошлаб, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ташувларларда ҳам қўлланила бошланди.
Келгусида Ўзбекистон билан Покистон, Эрон, Хитой, Қирғизистон, Грузия, Озарбайжон, Туркия ўртасидаги ташувларда ҳам бу лойиҳа амалиётга киритилиши режалаштирилган.
Бу халқаро лойиҳа божхона расмиийлаштирувини енгиллаштириш орқали ташқи савдони жадаллаштириш имконини бериб, айни шу жиҳати билан барча тадбиркорларнинг манфаатларига бирдек хизмат қилади.
Масалан, сўнгги 3-4 йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва юк ташувчиларга яратилган қулай шароитлар Ўзбекистонда ХЙТ дафтарчаси китобчасидан фойдаланувчи ташувчиларни 12 баробарга кўпайтирди.
2020 йилда (2021 - 174) 150 дан зиёд янги компаниялар ХЙТ дафтарчаси китобчаси асосида халқаро ташувларни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган бўлса, бугунги кунда бундай компаниялар 7 баробарга кўпайиб, яъни жами 986 тага этди.
Тақдим этилган ХЙТ дафтарчалари сони ҳам 2021 йилнинг ўзида 44 фоизга ошиб, 89 мингтани ташкил қилди.
Таъкидлаш жоизки, юк автотранспорт воситаларини импорт қилишда божхона тўловларидан қўлланилган имтиёзлар мамлакатимизда янги иш ўринлари яратилишига, миллий автоташувчилар салмоғининг ортишига хизмат қилди.
Таъкидлаш жоизки, экспорт ташувларни амалга ошришда хорижий давлатларида божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш, божхона тўловларини таъминлаш билан боғлиқ қўшимча ҳаражатлар ҳамда транзит давлатларда ҳар бир чегара божхона постида кўздан кечирувлари билан боғлиқ маъмурий тўсиқлардни олдини олиш мақсадида 70%дан ортиқ ҳолатларида ХЙТ дафтарчасидан фойдаланилади.
Маълумот учун, 2016 йилда юк автотранспорт воситалар сони 3 824 тани ташкил этган бўлса, 2021 йилда бу кўрсаткич 13 337 тани ташкил этди. Натижада ушбу даврда миллий автоташувчилар сони 1,4 баробарга, хизматлар экспорти эса 3,3 баробарга ортди.
Соҳадаги яна бир ютуқ ва енгиллик - божхона расмийлаштируви жараёнларида тадбиркорларнинг вақти ва харажатларини камайтириш мақсадида рухсатнома тусидаги ҳужжатларни электрон олиш бўйича n,'m“Ягона дарча” божхона ахборот тизими ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди.
Ушбу ахборот тизими ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш жараёнида нафақат божхона соҳаси, балки фитосанитария, санитар-эпидемиологик, ветеринария, экологик назорат ва сертификатлаш органлари фаолияти самарадорлигини оширишда муҳим қадам бўлди.
Ташқи иқтисодий фаолиятни амалга оширишда давлат идоралари томонидан талаб қилинадиган рухсатномалар сони ва уларни бериш муддатлари қисқартирилиши билан бирга, мазкур жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилди.
Содда қилиб айтганда, тадбиркорларга ўз идораларидан, иж жойида туриб, экспорт-импорт операцияларини амалга оширишда талаб этиладиган рухсатнома ва сертификатларни интернет тармоғидаги www.singlewindow.uz сайтидан олиш имконияти яратилди.
Бугунги кунда, ТИФ соҳасида энг катта электрон хизмат ҳисобланувчи “Ягона дарча” тизимда ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ барча тартиботларни босқичма-босқич қамраб олиш мақсадида, 12 та органнинг 60 та рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар бериш тартиби жорий қилинди.
Маълумот учун: тизимда 45 мингдан ортиқ ТИФ қатнашчилари рўйхатдан ўтган бўлиб, ваколатли идоралар томонидан 1,1 млн.дан ортиқ рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилди.
Мазкур ахборот тизимининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир мурожаатни дастлабки босқичидан то рухсатнома ҳужжатлари расмийлаштирилгунга қадар кузатиш ва мониторинг қилиш имконияти яратилди.
Яна бир муҳим жиҳат. Давлат божхона қўмитасида Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси таркибида ташкил этилган махсус таркибий тузилма – Ситуацион марказ ҳам 2021 йилдан ўз ишини бошлади.
Ушбу марказда божхона ходимлари турли маълумотларни марказлашган ҳолда йиғиш, умумлаштириш, қайта ишлаш, потенциал хавф ва таҳдидларга қарши курашиш, шунингдек, олдиндан превентив чораларни ўз вақтида қабул қилиш ишларини амалга оширади.
Бундан ташқари, марказ республика ва хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа тузилмалари билан ҳамкорликни амалга оширади.
Шунингдек, божхона назорати шакли сифатида товарлар чиқариб юборилгандан кейин ТИФ иштирокчилари фаолиятини баҳолаш, уларнинг товар ва транспортлари чиқариб юборилгандан кейинги ҳисобини текширишни назарда тутувчи божхона аудити тизими 2021 йил 1 апрелдан жорий этилди.
Ҳозирда, божхона соҳасини рақамли трансформация қилиш, божхона ва юк операцияларида инсон омилини янада қисқартириш ҳамда очиқлик, шаффофлик, ишончлилик тамойилларига асосланган тизимни яратиш мақсадида, божхона органларининг 2022 – 2025 йиллардаги ривожланиш Стратегияси лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Лойиҳани ишлаб чиқишда Жаҳон банки ва “КРМG” халқаро аудиторлик компанияси билан ҳамкорлик қилинди. Ушбу стратегияда:
биринчидан, интеллектуал ва профессионал билим даражаси, маънавий-ахлоқий савияси юқори бўлган кадрлар тайёрлаш бўйича сифат жиҳатидан янги тизимни жорий этиш;
иккинчидан, тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш ва уларни рағбатлантириш;
учинчидан, илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда, фаолиятга янгича иш услублари ва механизмлар, хавфларни бошқаришга асосланган янги авлод ахборот тизимларини жорий этиш;
тўртинчидан, логистика жараёнларида божхона ва юк операцияларини аниқлик, ишончлилик, шаффофлик тамойили асосида ташкил этиш, мамлакатнинг транзит салоҳиятини оширишда илғор тажрибалар ва стандартларни қўллаш;
бешинчидан, қонунга итоаткор тадбиркорлар учун сезилмайдиган божхона назоратини ташкил этиш.
Бунда, Жаҳон божхона ташкилотининг божхона аудитини ташкил этиш бўйича тавсиялари асосида товарлар чиқариб юборилгандан кейин божхона назоратини қўллаш механизмини босқичма-босқич амалиётга жорий этиш;
олтинчидан, божхона органлари инфратузилмасини илғор амалиёт ва стандартларга мувофиқлаштириш, ходимлар ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
БОЖХОНА ОРГАНЛАРИ - ХАЛҚ ХИЗМАТЧИСИ, ТАДБИРКОР ТАЯНЧИ
Президентимизнинг “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак” ғоялари асосида божхона идоралари аҳолига ва тадбиркорларга янада яқинлашиб, уларнинг ҳақиқий кўмакчисига айланди.
Хусусан, давлатимиз томонидан тадбиркорликни қўллаб қувватлаш мақсадида қабул қилинган қарорлар асосида 2021 йилда тадбиркорларга божхона тўловларидан жами 38,2 трлн. сўм миқдоридаги имтиёзлар қўлланилди.
Шунингдек, 3,7 трлн. сўм миқдоридаги божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилди. Бу кўрсаткич 2019 йилга нисбатан 2,1 баробарга ортди.
Маълумот учун: ушбу кўрсаткич 2017 йил – 51 млрд. сўм, 2018 йил - 165 млрд. сўм, 2019 йил – 408 млрд. сўм, 2020 йил – 1,7 трлн. сўм ва 2021 йил – 3,7 трлн. сўмни ташкил этган.
Божхона органлари ташаббуси асосида тадбиркорларни янада қўллаб-қувватлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мувофиқ эндиликда маҳаллий экспорт қилувчи ташкилотларга хорижий давлатдан маҳсулот олиб, импорт қилмасдан, учинчи давлатга тўғридан-тўғри сотиш имконияти яратилди.
Бундан ташқари, ушбу қарор билан божхона ҳудудида қайта ишлаш режимидан фойдаланиш талаблари соддалаштирилди. Бу эса янги иш ўринларини кўпайтириш ва экспорт ҳажмини оширишга хизмат қилмоқда.
Соҳадаги яна бир муҳим янгиликлардан бири, божхона қоидаларига риоя этувчи тадбиркорларни рағбатлантириш мақсадида, Ваколатли иқтисодий операторлар институти жорий этилди.
Бугунги кунда 35 нафар тадбиркорлар ушбу мақомга эга бўлиб, божхона тўловларини кечиктириб тўлаш, товарларни бевосита ўз омборларига тушириш, божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштирилган тартибда амалга ошириб келмоқдалар. Уларнинг сафлари кундан-кунга кенгаймоқда.
Маълумот учун: 2021 йилда ваколатли иқтисодий операторлар 3 500 ҳолатда товарларни тўғридан тўғри ўз омборларига божхона тўловлари таъминловисиз тушириш ва 84 млрд. сўмдан зиёд божхона тўловларини бўлиб-бўлиб тўлаш имконига эга бўлишди.
Фақат шу эмас. Божхона органлари фаолиятига 65та автоматлаштирилган ахборот тизимлари ва 33 та интерактив хизматлар жорий қилинди, 15 та маҳаллий давлат идораси билан ва 7 та ҳамкор давлатлар божхона идоралари билан электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилди.
Мазкур электрон дастурлар орқали тадбиркорларнинг 2,5 млн.дан ортиқ мурожаатларига хизматлар кўрсатилди. Натижада ёзма мурожаатлар сони 2017 йилдагига (1 023 та) нисбатан 2021 йилда 507 тага камайган (2021 й. 516 та).
Бугунги кунда божхона органлари ходимлари халқ хизматчиси сифатида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва бандлигини таъминлаш, меҳр-саховат кўрсатиш ва ижтимоий тадбирларда ҳам фаол иштирок этиб келмоқдалар.
Президентимизнинг вилоятларга ташрифи чоғида божхона органларига бириктирилган ҳудудларда ташаббус асосида МФЙ бинолари ва ночор фуқаролар турар-жойларини реконструкция қилиш, болалар ва спорт майдончаларини қуриш, ҳудудларни ободонлаштириш, моддий ёрдам кўрсатиш, маиший ва компьютер техникаларини ҳадя этиш каби хайрия тадбирлари амалга оширилиб келмоқда.
Бундан ташқари, Оҳангарон ва Жомбой туманларида 180 ўринли, Китоб туманида 200 ўринли мактабгача таълим муассасалари, Қоракўл туманида 330 ўринли умумтаълим мактаби ва Гурлан туманида “Ёшлар спорт мажмуаси”ни қуриш ҳамда Беруний туманида 120 ўринли мактабгача таълим муассасасини реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Тошкент вилояти Қуйи-чирчиқ туманининг Қўрғонча қишлоғида 160 ўринли мактабгача таълим муассасаси қурилди, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида, Беруний туманида 10 та овулда, Қувасой шаҳрида 2 та маҳаллада ва Чиноз туманида 1 та қишлоқда сендвич модулига жойлаштирилган сувни фильтрлаш қурилмалари ўрнатилди, шу билан бирга Қувасой шаҳридаги мавжуд спорт майдони қайта таъмирланди.
Коронавирус пандемияси, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида рўй берган табиий офат оқибатларини бартараф этишга ҳисса қўшиш мақсадида, 3 млрд. сўмга яқин маблағ “Ўзбекистон меҳр-шафқат ва саломатлик”, “Саховат ва кўмак” жамоат фондларига ўтказилди.
Жабр кўрган аҳоли тиббий воситалар, дори-дармонлар, озиқ-овқат ва зарур эҳтиёж моллари билан таъминланди.
Бундан ташқари, республикада коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши самарали курашиш, ушбу йўналишда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Республика ҳукумати билан келишилган ҳолда чегара божхона постларида “Covid-19” тест синовларини олиш хизматини бевоситабожхона органлари томонидан тартибли амалга ошириш йўлга қўйилди.
Бунда, фуқаролардан ундирилаётган тўловлар ушбу хизмат учун сарф этилаётган ҳаражатлардан келиб чиқиб 2-3 баробарга пасайтирилди.
Коронавирус инфекцияси аниқланган фуқароларга “Covid box” дори-дармонлар тўплами бепул тарқатилмоқда.
КАДРЛАРНИ ТАЙЁРЛАШ, МАЛАКАСИНИ ОШИРИШ БОРАСИДА
Божхона ишида сифат ва самарадорликнинг энг муҳим шарти – божхона органлари ходимларини тайёрлаш, малакасини ошириш ҳисобланади.
Мазкур йўналишдаги ихтисослаштирилган олий таълим ҳамда илмий-методик муассаса – Божхона институтида ҳам туб ўзгаришлар амалга оширилди.
Институтда ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, соҳа бўйича илмий-тадқиқот масалалари комплекс тарзда янгича мазмун ва шаклда йўлга қўйилмоқда.
Ҳозирда институтда икки босқичда – “Божхона иши” ва “Юриспруденция” (иқтисодий хавфсизликни ҳуқуқий таъминлаш) мутахассисликлари бўйича бакалаврлар ҳамда “Божхона иши” ва “Солиқ ва божхона ҳуқуқи” мутахассисликлари бўйича магистрлар тайёрланмоқда.
Божхона органлари илмий базасини мустаҳкамлаш борасида 38 та илмий адабиётлар ва 1 710 та электрон таълим ресурслари тайёрланди. Илмий ишланмаларни ўқув жараёнлари ва божхона органлари фаолиятига татбиқ этиш бўйича 6 та монография, 142та илмий мақола (халқаро миқёсда 63 та), 159 татезислар (халқаро миқёсда 62 та), 3 та конференция материаллари тўплами чоп этилди.
Раҳбар кадрларини тайёрлаш учун ўқиш муддати 3 ойдан иборат бўлган “Божхона менежменти” олий курслари жорий этилди.
Давлат божхона қўмитасининг Миллий кинология маркази - Ўрта Осиё минтақасида том маънода кинологлар ва хизмат итларини тайёрловчи таянч ўқув марказига айланган.
Марказ фаолияти БМТ, Жаҳон божхона ташкилоти ва бошқа кўплаб халқаро ташкилотлар томонидан юксак эътироф этилиб, Жаҳон божхона ташкилоти томонидан минтақавий кинология маркази мақоми берилган.
Бугунги кунда, марказда республика ва хорижий давлатлар кинология хизматлари учун хизмат итларини танлаш, сотиб олиш, кўпайтириш ва парваришлаш ҳамда халқаро лойиҳалар доирасида хорижий давлатлар кинология хизматлари вакиллари ўқитилади.
Марказда халқаро тажриба асосида 11 та йўналишлар бўйича ўқитиш йўлга қўйилган (гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қидириш, қурол-яроқ, ўқ-дори ва портловчи моддалар, валюта қимматликлари, тамаки маҳсулотларини қидириш, из-қидирув, ҳимоя-қоровул хизмати, қидирув-қутқарув хизмати, антитеррор, ўсимлик ва ўсимлик уруғларини қидириш йўналишлари).
Ҳозирда кинологларни тайёрлаш, итларни ўргатиш ва сотиш тартиби, хизматга яроқсиз итларни сотиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ветеринария даволаш-профилактика ва лаборатория-диагностика ишлари бўйича пуллик хизматлар кўрсатиш йўлга қўйилди.
Бундан ташқари, республика ва хорижий давлатларнинг кинология йўналишидаги жамоат ташкилотлари ҳамда кинология хизматлари билан ўзаро ҳамкорлик дастурлари доирасида зотдор хизмат итларини кўпайтириш, сотиб олиш, сотиш ва алмашиш йўлга қўйилган.
ХАЛҚАРО ҲАМКОРЛИК
Божхонадаги ислоҳотлар халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда контрабанда, статистика, валюта, божхона назорати ва бошқа йўналишларда маълумотлар алмашинувини ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишни талаб этади.
Бу эса ўз навбатида Ўзбекистонга йўналтирилган барча товарлар тўғрисида ҳаққоний маълумотларни олиш ва уларни таҳлил қилиш орқали турли қонунбузарликларга чек қўйиш имкониятни беради.
2021 йилда хорижий давлатлар божхона хизматлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлашда та икки томонлама шартномалар имзоланди:
Россия Федерацияси (5 та), Қирғизистон Республикаси (3 та), Покистон Ислом Республикаси (1 та), Туркия Республикаси (1 та), Корея Республикаси (1 та), Жаҳон божхона ташкилоти (1 та), Хитой Халқ Республикаси (1 та) билан 13 та халқаро ҳужжат имзоланди (2018 й. 9 та, 2019 й. 8 та, 2020 й. 6 та, 2021 й. 13 та).
Ҳозирда 10 та хорижий давлатлар (Туркия, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Беларусь, Эрон, Ҳиндистон, Австрия, Латвия, Италия, Канада, АҚШ, Таиланд, Вьетнам, Сингапур) билан божхона ишининг 6 та йўналишида халқаро ҳужжатларни имзолаш бўйича ишлар амалга оширилмоқда.
Шунингдек, божхона соҳасидаги халқаро ҳамкорлик Жаҳон божхона ва савдо ташкилотлари, Европа Иттифоқи, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Евроосиё иқтисодий иттифоқи каби нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида ҳам изчил ривожланиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси божхона хизматини жаҳон стандартларига яқинлаштириш мақсадида халқаро божхона амалиётлари билан боғлиқ 21 та халқаро конвенцияга аъзо бўлган.
Хусусан, 2020 йилда Ўзбекистоннинг ташқи савдо соҳасида халқаро даражада эътироф этилган ҳужжатлар – Савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича Киото Конвенцияси ва Вақтинча олиб кириш бўйича Истанбул Конвенциясига қўшилгани мамлакатимиздаги тадбиркорлик ва инвестиция муҳитининг жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Халқаро стандартларни жорий этиш асосида божхона органлари салоҳиятини ошириш, постларини замонавий комплекс ва ускуналар билан жиҳозлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашни кучайтириш, хориждаги етакчи марказларда мутахассислар тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари Ўзбекистон ва Жаҳон божхона ташкилоти ўртасидаги муносабатларда асосий ўрин тутади.
Жаҳон божхона ташкилоти Бош котиби Кунио Микуриянинг Ўзбекистонга ташрифларида келишилган масалалар ҳамда ШҲТ, МДҲ ва бошқа хорижий давлатлар ва ташкилотлар билан йўлга қўйилган самарали ҳамкорлик натижасида 140 дан ортиқ халқаро шартнома ва битимлар имзоланди.
Марказий божхона лабораторияси ва Миллий кинология маркази Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий лаборатория ва кинология мақомларига эга бўлди.
Миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, кадрлар салоҳиятини ошириш мақсадида, 2022-2023 йилларда Жаҳон божхона ташкилоти билан ҳамкорликни кенгайтириш бўйича “йўл харитаси” имзоланди.
Божхона органлари 2021 йилда донор давлатлар грант маблағлари ва халқаро ташкилотларнинг техник кўмаги ҳисобига (АҚШ, ХХР, БМТ) қиймати 2,83 млн. долларлик техника назорат воситалари билан таъминланди (2018 й. 3 млн долл., 2019 й. – 1,7 млн.долл., 2020 й. – 770 минг долл., 2021 й. – 2,83 млн. долл.).
Ушбу даврда илғор хорижий тажрибани ўрганиш, халқаро ташкилотларнинг ишчи учрашувлари, икки томонлама халқаро ҳужжат лойиҳаларининг муҳокамаси, ўқув курслари, семинар ва тренинглар, давра суҳбатлари, илмий-амалий конференциялар ва консультацияларда иштирок этишга доир жами 171 та халқаро тадбирлар ташкил қилинган бўлиб, уларда 1339нафар божхона ходими иштироки таъминланди (2018 й. – 133 та тадбирда 510 та ходим, 2019 й. – 121 та тадбирда 435 та ходим, 2020 й. 94 та тадбирда 444 та ходим, 2021 й. 171 та тадбирда 1339 та ходим иштирок этган).
Божхона органлари ходимларини нуфузли хорижий олийгоҳларда тайёрлаш мақсадида, Россия божхона хизмати академиясида 2019-2021 йилларда 50 нафар ўзбекистонлик абитуриентлар Россия бюджет маблағлари ҳисобидан ўқишга муваффақиятли қабул қилиниши таъминланди.
2021 йилда Марказий божхона лабораторияси ISO халқаро стандарти бўйича аккредитациядан ўтказилди ҳамда Жаҳон божхона ташкилотининг минтақавий лабораторияси мақомини олди.
СОҲАНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ИСТИҚБОЛЛАРИ
Божхона соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни изчиллик билан давом эттириш орқали энг юксак марралар белгилаб олинган.
Биринчидан, божхона органлари тузилмалари фаолиятини қайта кўриб чиқиш, иш ҳажмини таҳлил қилиш асосида штатларни қайта тақсимлаш, декларацияларни тадбиркорлар билан мулоқотга киришмасдан расмийлаштиришни назарда тутувчи Масофавий расмийлаштирув божхона постларини босқичма-босқич ташкил этиш.
Иккинчидан, “Хавфни бошқариш” ахборот тизимини доирасида идоралараро Миллий хавфни бошқариш ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва унга ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ барча назорат қилувчи идораларнинг хавф кўрсаткичларини жамлаш.
Мазкур дастурлар кўмагида декларацияларни ва рухсатнома ҳужжатларини расмийлаштиришда инсон аралашувини кескин қисқартириш бош тамойил сифатида белгиланган.
Учинчидан, божхона идораларида фойдаланиб келинаётган барча ахборот дастурларини қайтадан кўриб чиқиш, бир-бирини такрорловчи ва тадбиркорларга ноқулайлик туғдирувчи омилларни бартараф этиш.
Мазкур дастурларни ишлаб чиқишда, бевосита малакали ва ташаббускор тадбиркорлар жалб этилиши белгиланган.
Тўртинчидан, “Ягона дарча” божхона ахборот тизими негизида тадбиркорларга хизмат кўрсатишнинг ягона электрон платформасини жорий этиш, унда шартномаларни рўйхатга олиш, товарларни расмийлаштириш, транспорт-логистика ва ТИФ билан боғлиқ бошқа хизматларни қамраб олиш.
Бир сўз билан айтганда, божхона маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш, халқаро меъёр ва стандартларни миллий қонунчиликка имплементация қилиш, соҳани рақамлаштириш, интеллектуал бошқарувни йўлга қўйиш - мамлакат иқтисодий барқарорлигини янада мустаҳкамлашга, инвестицион салоҳиятини оширишга, ташқи иқтисодий фаолият учун қулай ишбилармонлик муҳитини яратишга хизмат қилади.