Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Ўзбекистон” боғига дарахт экиш бошланди
11:11 / 2021-11-22

Фарғона вилоятида барпо этилаётган экошаҳар яқин вақтда ичида яшилликка бурканади. Фарғона шаҳар «Илғор» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган мазкур ҳудуддаги 70 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи ташкил қилинаётган бўлиб, дарахт экиш ишлари бошланди.

Янги боғнинг дастлабки 10 гектарига дарахт экиш жараёни Фарғона шаҳри маҳаллаларининг 1000 дан зиёд вакиллари, вилоят бошқарма ва ташкилотлари раҳбарлари, ҳарбийлар иштирокида катта тантана билан ўтказилди.

Дарахт экиш тадбирида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Шарқий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, полковник Лутфулла Бузруков, вилоят секторлари раҳбарлари, вилоят мудофаа ва хавфсизлик тизимлари раҳбарлари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбир Қуръон тиловати билан бошланиб, янги барпо этилаётган экошаҳар ҳамда «Янги Ўзбекистон» боғининг вилоят аҳлига хайрли бўлишини тилаб, дуо қилинди.

Вилоят ҳокими бундай йирик лойиҳаларнинг амалга оширилаётгани Президентимиз раҳбарлигида сўнгги беш йилда олиб борилаётган ислоҳотларнинг самараси эканини қайд этиб, ислоҳотларнинг дастлабки йилларида халқимизда келажакка катта умид пайдо бўлган бўлса, бугунги кунда бу умид қатъий ишончга айланганини таъкидлади.

–Ўтган йили Президентимиз топшириқлари билан янги шаҳар барпо этишга киришганимизда, номлаш борасида Янги Фарғона, Фарғона-сити, Янги шаҳар каби турли ном таклифлари бўлган эди. Ўшандаёқ экошаҳар деган номда тўхталгандик. Ният холис бўлган экан, танланган ном давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан бошланган «Яшил макон» дастурига, вилоятларда “Янги Ўзбекистон” боғи ташкил этиш бўйича берилган топшириқларга ҳамоҳанг бўлди, – деди вилоят раҳбари.

Кун давомида 4000 тупдан зиёд каштан, қрим соснаси, оққайин, клен, лола дарахти ва бошқа турдаги манзарали дарахтлар ўтқазилди. Дарахт экиш ишлари давом эттирилади.

[gallery-4748]

М. Сулаймонов, М. Қодиров(сурат), ЎзА