Андижондаги “Янги Ўзбекистон” боғида Маданият ва санъат ходимлари куни муносабати билан республика байрам тадбири бўлиб ўтди.
Адирлик бағрида барпо этилаётган Янги Андижон шаҳридаги Янги Ўзбекистон боғида халқ сайли ташкил этилди. Унда рассомларнинг ижодий ишлари, ҳунармандлар томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик маҳсулотлари, шунингдек, Миллий марказларнинг либослар кўргазмалари, ёш спортчилар, жажжи болажонларнинг чиқишлари тадбир қатнашчилари ва меҳмонларида унутилмас таассурот қолдирди.
Янги Ўзбекистон боғи амфитеатрида ўтказилган байрамнинг расмий тадбири ҳаяжонли лаҳзаларга бой бўлди. Табрик ва қутловлар барчага хушнудлик бағишлади.
Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов, Халқаро Туркий маданият ташкилотининг (ТУРКСОЙ) бош котиби Султон Раев, таниқли санъаткорлар, маданият ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирокидаги тадбирда сўз олганлар маданият ва санъат ходимларини касб байрами билан муборакбод этди.
[gallery-22893]
Юртимизда маданият ва санъат соҳасини ривожлантириш, ўзбек миллий маданияти ҳамда санъати нуфузини жаҳон миқёсида ошириш, ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш, иқтидор ва салоҳиятларини юзага чиқариш, соҳанинг фидойи вакиллари меҳнатларини қадрлаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Обод ва тинч юртимизга байрамлар ярашади. Шу маънода мазкур байрам тадбири халқимизнинг ҳамжиҳатлиги, интилиши, самарали меҳнатлари, тинч ва осойишта кунларга шукроналигининг намойиши бўлди.
Байрам тантанасида фидокорона меҳнат қилаётган, қолаверса, юртимиз маданияти ва санъати ривожига муносиб ҳисса қўшиб келаётган 60 нафарга яқин соҳа фидойилари “Маданият ва санъат фидокори” кўкрак нишони билан тақдирлади. Шунингдек, тадбирда Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмоновга Халқаро Туркий маданият ташкилотининг (ТУРКСОЙ) “Олтин медали” топширилди.
Таниқли санъаткорлар, қўшиқчилар, эстрада юлдузлари иштирокидаги бадиий дастур барчага хуш ва байрамона кайфият улашди.
Ф.Убайдуллаев, З.Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари