Пойтахтимизда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Ёзувчилар уюшмаси ва Миллий гвардия ҳамкорлигида “Жадидларга муносиб авлодлармиз” мавзуида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Унда жадид боболаримиз ислоҳотчигина эмас, энг аввало, кучли курашчи бўлмаганларида Янги Туркистон орзуси шу кунгача яшаб, ҳозирги Янги Ўзбекистон орзусига айланмаган бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз борди.
Миллий гвардия марказий девони бошқарма бошлиғи полковник З.Алимов жадид боболаримиз каби илм-фан ютуқлари билан бирга, миллий қадриятлар руҳида тарбия топган етук кадрларни етиштириб чиқариш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси эканини таъкидлади.
Тадбир доирасида ёшларнинг Ўзбекистон тасвирий санъат галереясига ташрифи ҳам уюштирилди. Унда жадид боболаримиз ҳаётига бағишланган “Хотира йўлаги” кўргазмаси намойиш этилди.
Жадидлар фаолиятига бағишланган куй-қўшиқлар, монологлар, саҳна кўринишлари ҳамда махсус-ҳарбий спорт клуби аъзолари томонидан тайёрланган қўл жанги кўргазмали чиқишлар барчага манзур бўлди.
Айниқса, жаҳон чемпионлари билан бўлган суҳбатдан ёшлар ўзлари учун мотивация олгани аниқ.
Мавзу юзасидан ўтказилган савол-жавоб викториналари ғолиблари муносиб тақдирланди.
Гулноза Бобоева, ЎзА