14 январь – Ватан ҳимоячилари куни
Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерациясининг Навоий вилоят Кенгаши ҳамда Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашининг вилоят ҳудудий бўлинмаси ҳамкорлигида Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганлигининг 32 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан “Янги Ўзбекистон армияси мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!” шиори остида “Маърифат соати” ташкил этилди.
Вилоят фахрийлар кенгаши аъзолари, Навоий шаҳар Мудофаа ишлари бўлими фахрийлари, ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ёшлар, касаба уюшмаси фаоллари иштирок этган тадбирда мамлакатимиз Қуролли Кучлари тизимини ислоҳ қилиш ва унинг қудратини мустаҳкамлаш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси, юртимиз тинчлиги ва осмонимиз мусаффолигини таъминлаётган ҳарбийлар ҳаёти, улар учун яратилаётган шароит ва имтиёзлар ҳақида сўз юритилди.
– Бугунги кунда биз ҳарбий хизматни ўташимиз учун барча шароит яратиб берилган, – дейди оддий аскар Мансур Жўраев. – Яқиндагина ҳарбий қисмимизда оналаримиз билан учрашдик. Бизга яратиб берилган имкониятлар билан яқиндан танишишиб, хурсанд бўлишди. Биз– ҳарбий аскарлар юртимиз фаровонлиги ва Ватанимиз тинчлиги йўлида барча қийинчиликларни енгиб ўтишга доимо тайёрмиз!
Байрам муносабати билан бир гуруҳ фахрийларга Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Навоий вилоят Кенгашининг эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ҳарбий оркестр садолари остида янграган куй-қўшиқлар иштирокчиларга байрамона кайфият улашди.
А.Бўриев,
ЎзА мухбири