Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманида ёзги таътил даврида болаларнинг соғлом ва мазмунли ҳордиқ чиқариши, дўстлар орттириши ҳамда уларнинг ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган муҳим ташаббус амалга оширилди. Қувонарлиси шундаки, 200 ўринли замонавий болалар оромгоҳи фойдаланишга топширилди.
Мазкур оромгоҳ тубдан реконструкция қилиниб, халқаро стандартлар ва хавфсизлик талаблари асосида қайта қурилди. 10 гектар майдонда жойлашган бу иншоот болалар учун барча қулайлик ва замонавий инфратузилмаларни ўз ичига олган.

Оромгоҳ ҳудудида шинам ётоқхоналар, амфитеатр, ошхона, сузиш ҳавзаси, футбол, баскетбол, волейбол ва бадминтон майдончалари, “Маънавият ва маърифат” маркази ҳамда турли аттракционлар мавжуд. Барча ётоқхоналар замонавий мебеллар билан таъминланган. Болаларнинг гигиена, хавфсизлик ва қулай яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган.

Очилиш маросимида болалар томонидан театрлаштирилган саҳна кўринишлари, ватан, тинчлик ва болалик мавзуларидаги куй-қўшиқлар, миллий рақслар намойиш этилди. Тадбир байрамона кайфиятда ўтиб, иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Шунингдек, маросимда Сирдарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мутасаддилари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, ота-оналар, касаба уюшмалари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Улар томонидан оромгоҳда яратилган имкониятлар юқори баҳоланди.

– Бу оромгоҳ нафақат болаларнинг ҳордиқ чиқариши, балки уларнинг дўстлик муҳитида тарбия топиши, интеллектуал ва ижтимоий салоҳиятини ошириш учун кўплаб имкониятлар яратади, – дейди Сирдарё туман ҳокими Азизбек Турдимуродов. – Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган бундай лойиҳалар ёш авлод келажагига қаратилган эътиборнинг ёрқин намунасидир.

– Касаба уюшмалари тизими доимо болалар манфаатларини биринчи ўринга қўяди. Бундай замонавий оромгоҳлар фарзандларимизнинг соғлом, билимли ва маънан етук шахслар сифатида вояга етишида муҳим аҳамият касб этади. Бу ерда яратилган шарт-шароитлар ривожланган давлатлар даражасида. Бизнинг эса вазифамиз – шундай иншоотларни ҳар бир ҳудудда кўпайтириш, – дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Сирдарё вилоят Кенгаши раиси Рустамбек Турсунмурадов.

Энг муҳими, ушбу оромгоҳ ёзги таътил мавсуми давомида юзлаб болалар учун хотираларга бой, хавфсиз ва мазмунли ҳордиқ масканига айланиши кутилмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири