Янги ўқув йили бошланишига бир ҳафта муддат қолди. Мактаб ўқувчилари, айниқса, 1-синфга борадиган жажжи ўғил-қизларимиз мактаб бошланишини интиқлик билан, катта ҳис-ҳаяжон билан кутишмоқда. Умумтаълим мактаблари ҳам янги ўқув йилида ўқувчиларни ўз бағрига олишга шай ҳолатга келтирилмоқда. Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудидаги мактабларда бу жараёнга ҳозирлик кўрилиб, сўнгги босқичдаги ишлар қизғин паллада кетмоқда.
Бу борада Юнусобод туманидаги 12-умумтаълим мактабининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолати билан қизиқдик.
— Янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилиб, бугунги кунда барча синфхоналаримиз, фан хоналаримиз, спорт зал ва майдонларимиз, ошхона, кутубхона, ҳожатхона — барчаси тайёр ҳолга келтирилди, — дейди таълим маскани директори Гулнора Эргашева. — Мактабимиз 784 ўринга мўлжалланган, аммо бугунги кунда 1 минг 20 нафар ўқувчи мавжуд. Шунинг учун дарсларимиз 2 сменада ташкил этилмоқда. 1-синфга квота бўйича, онлайн тарзда 175 та бола қабул қилинди. 5 та синфдан иборат бўлиб, 3 таси рус, 2 таси ўзбек синфи ҳисобланади. Ҳозир буюртма асосида 1-синф ўқувчиларимизга Президент совғасини қабул қилиш арафасида турибмиз. 5 та 1-синф учун синфхоналаримиз талаб даражасида тайёр қилиб қўйилган. Ота-оналар келиб, бу жараёнлар билан танишмоқда. Уларга болалари қайси сменада ўқиши маълум қилинди.
Ўқувчиларимизни дарслик ва ўқув адабиётлари билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, зарур чоралар кўрилди. Мактаб дарсликлари бўйича муаммо йўқ, ҳаммаси етарли. Ўқувчиларимизга мактаб дарсликлари тарқатиб бўлинди. Чунки байрам арафасида 4 кун дам олиш бўлгани боис, 5 сентябрдан дарс жараёнига тайёр ҳолда келишлари учун дарсликлар тарқатилди.
Таълим муассасамизда 52 нафар педагог фаолият олиб боради. Фан ўқитувчиларимиз, жиҳозларимиз етарли. Шу ўринда алоҳида қайд этишим керакки, бу йилги ўқув жараёнини яхши янгиликлар билан бошлаяпмиз. Бу йил “Очиқ бюджет” портали орқали 10та электрон доска, 4та моноблок компьютерлар ютиб олдик. Улар ҳам синфхона ва фан хоналарига жойлаштирилиб, ўқувчилар фойдаланиши учун тақдим этилади.
Янги ўқув йили олдидан ота-оналар билан йиғилиш ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, ягона мактаб формаси борасидаги турли мурожаатлар бўйича тушунтириш ишлари ўтказилди. Вазир томонидан бу йил ҳам ягона мактаб формаси мажбурий эмаслиги айтилганидан сўнг ўқувчиларимиз ихтиёрий, яъни оқ-қора кўринишдаги мактаб формасида бўлишлари тушунтирилди.
Бир сўз билан айтганда, бугун мактабимиз янги ўқув йилини бошлашга, ўқувчиларни қабул қилишга шай ҳолатда. Таълим соҳасига қаратилаётган эътибордан руҳланиб, кутилаётган натижаларни ҳис қилган ҳолда ўқувчиларимизга сифатли таълим беришга масъулият билан ёндашамиз.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди,
ЎзА