2025 йил 3 сентябрдан юртимизнинг барча олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Шу жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида ҳам 2025/2026-ўқув йили кўтаринки руҳда қарши олинди.
Мазкур ўқув йили университет ҳаётида катта ислоҳотлар ва янгиликлар йили бўлиши кутилмоқда. Жумладан, ўтган ўқув йилидан бери фаолият юритиб келаётган “Регистратор офиси” бу йил ҳам янада такомиллаштирилмоқда. Шунингдек, босқичма-босқич “Смарт университет” концепцияси амалиётга татбиқ этилмоқда.
Тантанали йиғилишда таъкидланганидек, университет мамлакатимиз олий таълим тизимидаги ислоҳотлар жараёнида доимо пешқадам бўлиб келмоқда. Жорий йилда 1100 дан зиёд ёшлар ушбу даргоҳ талабаси бўлиш бахтига муяссар бўлишди. Улардан энг юқори балл тўплаб кирган йигит-қизлар ўз қувончларини изҳор қилиб, илк таассуротлари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир “Мустақиллик дарслари” билан узвий боғланиб, дастлабки маърузани университет ректори, академик Шуҳрат Сирожиддинов “Ватан учун, миллат учун, халқ учун” шиори остида олиб борди. Ушбу маъруза Зоом платформаси орқали барча 1-босқич талабалари учун бевосита ва билвосита шаклда ташкил этилди.
Академик Шуҳрат Сирожиддинов ўз сўзида шундай таъкидлади:
“Биз Янги Ўзбекистон келажагини сизнинг кўзларингизда кўрамиз. Бизнинг мақсадимиз – талабаларимизни ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол, маънавияти ва дунёқараши юксак, ўз касбининг етук мутахассиси этиб тарбиялашдир.”
Бир сўз билан айтганда, янги ўқув йили эндигина талаба бўлган илмли ёшлар билан бир қаторда университет профессор - ўқитувчилари учун ҳам бирдек ҳаёжонли давр. Шу фурсатдан фойдаланиб биз ҳам талаба ёшларимизга омад тилаб, ўз соҳасининг етук мутахассислари бўлиб етишишларига тилакдошмиз.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/4ydWPqo-Sw8" title="Yangi o‘quv yiliga start berildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Турдалиева, У.Тўхтаев (видео), ЎзА