French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ўқув йилидаги устувор вазифалар белгиланди
14:55 / 2025-08-18

Самарқандда “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида тўртинчи устозлар миллий форуми ўтказилди.

Умумий ўрта таълим муассасалари раҳбар ва педгоглари, ҳамкор ташкилотлар мутасаддилари қатнашган тадбир аввалида Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев сўзга чиқиб, вилоятда таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, ўтган ўқув йили якунлари ва янги ўқув йилида соҳа ходимлари олдида турган вазифаларга эътибор қаратди.  

Бугунги кунда вилоятда 1272 та умумий ўрта таълим мактаби, 44 та хусусий мактаб, 19 та ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та Президент мактаби фаолият кўрсатмоқда. Бу муассасаларда 771 минг нафар ўқувчига 61 минг 500 нафар ўқитувчи таълим-тарбия бермоқда.  

Ўтган ўқув йилида мактаб битирувчиларининг 1889 нафари олтин медал билан 11-синфни тугатди, 342 нафар битирувчи хорижий давлатлардаги олий таълим муассасаларига грант ютиб, муддатидан олдин талаба бўлди. 15 нафар ўқувчи халқаро олимпиадаларда муваффақиятли қатнашди.  

– Вилоятимизда ўқитувчи ва ўқувчиларимизнинг ютуқлари салмоғи ортиб бораётгани қувонарли, албатта, – деди А.Бобоев. – Лекин ечимини кутаётган муаммо ва камчиликлар ҳам кам эмас. 86 та мактабимизда таълим даражаси паст бўлиб турибди. Педагогларнинг сифат таркиби, яъни олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши бўйича вилоятда ўртача кўрсаткич 31 фоизни ташкил этса-да Ургутда 24,2 фоиз,  Иштихонда 25,7, Каттақўрғон туманида 26,1, Пастдарғомда 26,6, Пайариқ ва Нурободда 27 фоизлиги шу ҳудудлар раҳбарларини ўйлантириши керак. Хорижий тил фан ўқитувчиларининг миллий ва халқаро даражадаги сертификатларни олиш бўйича ҳам кўрсаткичларимиз яхши эмас. Мисол учун, бугунги кунда вилоятдаги умумтаълим мактабларида 5384 нафар хорижий тил фани ўқитувчилари фаолият олиб бориб, шундан 1699 нафари  ёки 31 фоизи сертификат олмаган. Мактаб битирувчиларининг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичларидан ҳам кўнгил тўлмайди. Жорий йилда 50286 нафар мактаб битирувчисидан 13499 нафари (26,8 фоиз) давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинган. Бу кўрсаткич Ургутда 15 фоизни, Самарқанд туманида  

19,7 ва Самарқанд шаҳарда 24,7 фоизни ташкил этмоқда.  

Вилоят ҳокими мактаблар моддий-техник базасини яхшилаш борасида ҳам ечимини кутаётган масалаларга тўхталиб, туман ва шаҳарлар ҳокимлари олдига аниқ вазифалар қўйди.

[gallery-24805]

Самарқанд вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи М.Ҳамдамов ўтган ўқув йили якунлари ҳақида ахборот бериб, 2025/2026 ўқув йилида амалга оширилиши керак бўлган вазифалар ҳақида сўз юритди. Вилоят ҳокими  қайд этилган камчиликларни бартараф этиш соҳа масъуллари ва ўқитувчилар зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидлади.

Форумда вилоятнинг бир гуруҳ фаол ва ташаббуслар ўқитувчиларига вилоят ҳокимлиги ҳамда мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.  

Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири