Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги ўқув йилида янги марралар сари
10:01 / 2022-09-05

5 сентябрь куни мамлакатимизда янги 2022/2023 ўқув йили бошланди. Шу куни юртимиз умумтаълим мактабларида “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ўтказилди. Ана шундай тадбир пойтахтимизнинг Яккасарой туманидаги 91- Ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида ҳам бўлиб ўтди.

Янгидан барпо этилган ушбу таълим маскани ўқувчилар, уларнинг ота-оналари, устозлар учун ўзига хос совға бўлди. Бу ерда ўқувчиларнинг замонавий билим олиши учун барча шароит ва имкониятлар муҳайё этилган. 

Тадбирда таъкидланганидек, мактаб таълимини ислоҳ этиш, уни шиддатли замон руҳига ҳамоҳанг тарзда йўлга қўйишга долзарб масала сифатида эътибор қаратилмоқда. Зеро, мамлакатимиз раҳбари Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда фарзандларимизнинг замонавий билим олиши учун энг қулай шароитларни яратиш борасидаги вазифаларни устувор деб бежизга белгиламади. 

[gallery-8646]

Дарҳақиқат, кейинги йилларда миллий таълим тизимидаги ўзгаришлар мисли кўрилмаган мазмун касб этмоқда. Бу жиҳатлар мактаб таълимидаги миллий ўқув дастурларини яратиш ва уларни ўқув жараёнига татбиқ этиш, педагоглар учун миллий ва халқаро сертификатларни жорий этиш, йил якунига қадар мактаб директорлари учун ҳам сертификатлаш тизимини йўлга қўйиш, мактаб соҳасига дахлдор бўлган барча масъул мутахассисларнинг касбий малака ва маҳоратини оширишда яққол намоён бўлмоқда. 

Таълим соҳасига кўрсатилаётган эътибор натижасида янги, замонавий ўқув даргоҳларини барпо этиш, мавжудларини тубдан таъмирлаш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмоқда. Айни пайтда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” дастурлари, “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида янги-янги мактаблар қуриб, фойдаланишга топширилмоқда. 

Айтиш жоизки, бу йил дарсликлар борасида улкан қадамлар қўйилди. Кўп миллион нусхада янги дарсликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилди. Уларнинг наинки миқдори, балки сифатини тубдан яхшилаш юзасидан таълим соҳаси мутасаддилари, муаллифлар, олимлар, маърифий жамоатчилик томонидан катта ҳажмдаги ишлар олиб борилди. Авваллари фақат дарслик яратилган бўлса, эндиликда мажмуа сифатида, яъни ўқувчи учун дарслик билан бирга ўқитувчи учун методик қўлланма, ўқувчи учун машқ дафтари ва мультимедиа иловалари яратилгани диққатга сазовордир.  

Муҳим жиҳати шундаки, дарсликларда ўқувчиларни кўпроқ мантиқий фикрлашга ундовчи топшириқларни акс эттиришга аҳамият қаратилди. Айни пайтда айрим дарсликлар, жумладан, инглиз тили бўйича дарсликлар яратишда хорижнинг илғор тажрибасига таянилгани эътиборга моликдир. 

...Юракларни энтиктириб янги ўқув йили учун биринчи қўнғироқ чалинди. 

Барча жойларда бўлгани каби бу ўқув даргоҳида ҳам илк сабоқ “Мустақиллик дарс”лари билан бошланди. Унда мустақиллигимизнинг не-не машаққатлар билан қўлга киритилгани, кейинги йиллар мобайнида таълимга, ёшларга қаратилаётган эътибор, юртимизда кечаётган янгиланиш жараёнлари хусусида батафсил сўз юритилди. Мамлакатимизнинг барча мактабларида бўлгани каби 1-синф ўқувчиларига дарсликлар, ўқув анжомларидан иборат   Президент совғалари топширилди. 

Халқ таълими вазирлиги ахборот хизматига кўра, 2022/2023 ўқув йили республикамиздаги 10 минг 130 та мактабида дастлабки сабоқ “Мустақиллик дарс”лари билан бошланди. 

“Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз” шиори остида ўтказилаётган “Мустақиллик дарс”лари мактаб директори, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, тарих, она тили ва адабиёти фанлари ўқитувчилари ҳамда синф раҳбарлари томонидан олиб борилди. 

“Мустақиллик дарслари”да ўқувчиларга халқимизнинг 31 йил давомида эришган ютуқлари, Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти борасида кенг маълумотлар берилди. 

Назокат Усмонова, 
ЎзА мухбири