Бугун юртимиздаги барча таълим муассасаларида бўлгани каби Қизилтепа туманидаги таълим муассасаларида ҳам дарслар “Келажак дарслари” билан бошланди.
Жорий йилги "Биринчи қўнғироқ" тадбирлари, айниқса тумандаги Сўфиён маҳалласи аҳолиси ва фарзандлари учун ўзгача руҳда ўтди. Чунки ушбу маҳалладаги барча мактаблар қисқа муддатларда тубдан янгиланди. Ҳудуддаги 36-умумий ўрта таълим мактаби 3 миллиард сўмдан ортиқ маблағ эвазига янгидан қурилган бўлса, 3-умумий ўрта таълим мактабида 8 миллиард 100 миллион сўмдан ортиқ маблағ эвазига мавжуд 240 ўринли биноси таъмирланиб, янги 330 ўринли ўқув биноси ва 200 ўринли фаоллар зали қурилди.


Шунингдек, тадбиркор Ойбек Муродов томонидан 7 миллиард сўм маблағ сарфланиб, туманидаги илк 240 ўринли "Парвоз" хусусий мактаби ўз фаолиятини бошлади.
Туман ҳокими Бекзод Бобомуродов ушбу иккала умумтаълим мактабида бўлиб, "Биринчи қўнғироқ" тадбирларида иштирок этди.


Бугунги кунда тумандаги 42 та умумтаълим мактаби, 1 та ихтисослаштирилган мактаб ва 1 та хусусий мактабда 25 минг 400 нафардан ортиқ ўқувчи янги ўқув йилини бошлашди. Уларнинг 2731 нафари мактабга илк бор қадам қўяётган жажжи ўғил-қизлар бўлса, 1375 нафари 11-синф битирувчиларидир.
Тадбирлар давомида маҳалла фаоллари янгиланган мактабларнинг шарт-шароитлари билан танишдилар ва мактабга илк бор қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига Президент совғаларини топширишди.
Абдували Бўриев, ЎзА мухбири