Таълим сифати ва самарадорлиги ўқитиш шароитига ҳам боғлиқ. Қўқон шаҳридаги мактаб ўқувчилари мамлакат фан олимпиадаларида тобора кўпроқ ютуқларни қўлга киритишмоқда. Унинг битирувчилари эса олий ўқув юрти талабаси бўлиш даражаси бўйича вилоятда энг юқори кўрсаткичга эришяпти. Албатта, бунда устоз-ўқитувчиларнинг касбий маҳорати, масъулияти муҳим аҳамиятга эга. Аммо бугун Қўқон шаҳридаги мактаб бинолари, синф хоналари ўқув жиҳозларини кўрсангиз, таълим соҳасида эришилаётган ютуқлар замирида янги қурилган, қайта таъмирланган бинолар, ўқув ва машғулот хоналарининг ҳам ўрни катта эканини англайсиз. Улардан бири 27-мактаб.
– Юртбошимизнинг Фарғона вилоятига ташрифларидан сўнг мактабимизнинг мукаммал таъмирланишига 8,5 млрд. сўм маблағ ажратилди. Эшик-ромлар алмаштирилди. Ташқи деворларга иссиқликни сақловчи базальт қопланди, – дейди 27-мактаб директори Феруза Тўхтабоева.

Шу кунларда ўқув йили бошланишига ҳозирлик кўрилмоқда. Ҳар бир синф ўқувчи ёши, қизиқишига қараб безатилган. Барча қулайликлардан ташқари алоҳида бассейн ҳам қурилган.
– Бу мавзуда гапирилмайди. Аммо ҳар бир қават ва бўлинмага болалар санузел-туалетлари қилинди, – дейди 44-мактаб директори Гулноза Ярашева. – Аслида бу долзарб муаммо. Қишнинг қировли кунлари ҳам ўқувчилар энди бино ичидан чиқишмайди. Ошхона, спортзал, бошқа кабинетлар ичкарида. Биз бундай шароитга жавобан мамлакат ёшларини етук инсонлар қилиб тарбиялашга тайёрмиз.

Қўқондаги янги мактаб бинолари бирин-кетин қад ростлаяпти. Қолаверса, бошқа туманлардан шаҳарни кенгайтириш эвазига қўшиб берилган ҳудудларда иш қизғин. Ашурқулмерган маҳалласида эллик йил аввал бир кичик бинони мактабга мослаштиришган эди. Унга атиги 200 нафар бола аранг сиғдирилган.
– Ҳатто томдан чакка ўтар, деворлар ёрилиб кетган, парталар яроқсиз ҳолатга келган эди. Мактаб эски биносини бузиб ташлаб ўрнига уч қаватли замонавий бино қуриб бердилар.
Маҳалла аҳли, ота-оналар ва ёшларнинг азалий орзулари янги мактаб биноси қурилиши билан рўёбга чиқди, дейиш мумкин.

– Бу ернинг ўқувчилари 50 йилдирки, спортзални орзу қилганлар. Ошхона йўқ эди. Мана энди спортзал ҳам, ошхона ҳам бор. Юртбошимиз бизга шундай бинони топширдилар, биз энди энг билимли ёшлар тайёрлашга бор кучимизни сарфлаймиз, – дейди Гулноза Ярашева.
Ҳозир ҳар куни ота-оналар, бувижонлар келиб мактабни кўриб кетишмоқда.

– 8 нафар набирам бор. Шундан 4 нафари ўқувчи. Уларнинг икки нафари қўшни маҳалладаги 46-мактабда ўқишар эди, – дейди Манзура ая Омонова. – Биз улар ўқишга бориб келгунча хавотирда ўтирганмиз. Мана, маҳалламизда янги мактаб қурилди. Энди барча набираларим шу мактабда ўқийди. Шароитларни қаранг. Спортзал, ошхона, фаоллар зали, компьютерлар, ҳатто йўл ҳаракати хоналаригача. Кўриб хурсанд бўлдик. Президентга раҳмат.
Қўқонликлар давлат ва Президентнинг алоҳида эътиборидан миннатдор эканликларини қайта-қайта таъкидлашди. Чунки, Қўқон шаҳридаги таълим муассасаларида чиндан ҳам беқиёс ўзгаришлар рўй бермоқда.
– Битта янги мактаб қурилди. Ундан ташқари инвестиция дастурида учта мактаб биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Уларга қўшимча бинолар қурилди, – дейди Қўқон шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бўлими раҳбари Иродахон Мирзаева. – Жами 38 та мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида ҳомийлар ҳамда давлат инвестиция дастурлари орқали таъмирлаш ишлари олиб борилди. Мактабларга янги жиҳозлар: электрон доскалар, касбга ўргатиш ускуналари олиб келинди.
Бу каби амалий ислоҳотлар натижасида энди ҳар бир ўқувчи билан алоҳида-алоҳида шуғулланиш имкони ҳам яратилди.
– Мактаблар бир навбатли ўқитишга ўтгандан кейин куннинг иккинчи қисмида шу ерда ўқувчиларнинг қизиқиши бўйича 19 турдаги тўгаракларда иш олиб борилмоқда, – дейди Иродахон Мирзаева.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/t3mbG56pYS8?si=NMrFGKSk7_LhavlO" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,Элёр Олимов(видео,сурат),ЎзА