Самарқанд давлат чет тиллар институтида 2000 ўринли яна бир янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Институтнинг 74 миллиард 287 миллион сўм маблағи ҳисобидан бунёд этилган 7 қаватли бинода 85 та ўқув хонаси, замонавий ахборот технологиялари билан жиҳозланган 300 ўринли мустақил таълим хонаси, 320 ўринли фаоллар зали, ахборот-ресурс маркази, 2 та синхрон таржима амалиёти хонаси, музей, конференциялар зали ҳамда спорт ва маънавий-маърифий тадбирларга мўлжалланган 5 та хона мавжуд. Бу ерда учта факультет талабалари таҳсил олади.


Янги бинонинг очилиш маросимида вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Тўхтаев иштирок этиб, институт профессор-ўқитувчилари ва талабаларни ўқув йили бошланиши билан табриклади.
Бугунги кунда Самарқанд давлат чет тиллар институтида 11 минг 594 нафар талаба таҳсил олади. 2024/2025 ўқув йилида 1600 нафардан зиёд йигит-қизга мазкур таълим даргоҳи талабалиги насиб этди.


Янги бино фойдаланишга топширилиши билан институт ўқув бинолари 6 тага, ўринлар сони эса 6240 тага етди. Шунингдек, ҳозир муассасада 2020 ўринли 5 та талабалар турар жойи мавжуд. Айни пайтда яна 400 ўринли талабалар турар жойи барпо этилмоқда.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири