Бугун юртимиз олий таълим муассасаларида янги ўқув йили бошланди. Шу муносабат билан барча олий таълим даргоҳларида бўлгани каби Ўзбекистон халқаро ислом академиясида ҳам «Бир бўлсак – ягона халқмиз, бирлашсак – Ватанмиз!» мавзусида байрам тадбири ўтказилди.
Маросим Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси билан бошланди.
Академия ректори Уйғун Ғафуров сўзга чиқиб, йиғилганларни Ватанимиз мустақиллигининг 33 йиллиги ҳамда 2024/2025 - янги ўқув йили билан табриклади.

Академия ректори ўз табригида сўнгги йилларда мамлакатимиз таълим соҳасини тубдан ислоҳ қилиш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётганини эътироф этди. Ёшларнинг олий таълимга қамровини ошириб бориш, замонавий ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш борасида изчил сиёсат олиб борилаётгани, бу борада Ўзбекистон халқаро ислом академияси нафақат юртимиз, балки минтақамиздаги энг нуфузли ва замонавий ўқув муассасаси ҳисобланишини қайд этди.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон халқаро ислом академиясида жамият ривожига ҳисса қўшадиган, ўз соҳасининг малакали мутахассисларини камолга етказиш устувор вазифа саналади.
Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари Олимжон Солиев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Академия Жамоатчилик кенгаши раиси Иқбол Мирзаалиев, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов ҳамда кириш имтиҳонларида юқори балл тўплаб, Академия талабаси бўлган Муслимахон Ўринбоеванинг отаси Бахтиёржон Ўринбоев йиғилганларни қўшалоқ байрам билан муборакбод этди.
Шунингдек, маросимда Академияга юқори балл тўплаб, ўқишга қабул қилинган талабалар ёшларга қаратилаётган эътибор хусусида фикр билдирди.

Маросим якунида Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов янги ўқув йили барча учун муваффақиятли келишини сўраб, дуои фотиҳа қилди.
Тантанали маросим аудиториялардаги «Мустақиллик дарси» билан давом этди.
Дарслар давомида Академия профессор-ўқитувчилари томонидан Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 33 йиллиги, истиқлолнинг қадри, мазмун-моҳияти, юртдошларимиз тақдиридаги аҳамияти ҳақида маъруза қилинди.
Ёшларга Ватанни севиш ҳақиқий бахт экани, мамлакатимиз тинчлигини асраб-авайлаш, унинг тараққиётига ҳисса қўшиш ҳар бир фарзанднинг бурчига айланиши, энг асосийси, бу ният ва мақсадларга эришиш йўлида талабалар кучли билимга эга бўлиши, одоб-ахлоқ, тарбия билан камолга етиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, мазкур дарсларда йигит-қизларга давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳияти, сўнгги йилларда амалга оширилган ислоҳотлар натижасида эришилган ютуқ ва марралар дунё ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётгани ҳаётий мисоллар воситасида сингдирилди.
Бундан ташқари, талабаларга кредит-модуль тизимининг мазмун-моҳияти, ўқув жараёнига татбиқ этилиш тартиби, Академиянинг ички тартиб-қоидалари ва шу каби зарурий ахборотлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Н.Усмонова,
ЎзА