Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизмат сифатини яхшилаш, йўловчилар учун муносиб шароитлар яратиш, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ва автобус йўналишларини мақбуллаштириш борасидаги ишлар жадаллашмоқда. Боиси, янги ўқув йили муносабати билан йўловчилар ўртасида тирбандликларни бартараф этишдир.
Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси раҳбари Ж.Каримов, Автомобиль ва жамоат транспорти департаменти бошлиғи М.Икрамов, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ бошқарув раиси Р.Шамуродов ва соҳавий хизмат ходимлари, 8 та автобус саройи раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда йўловчи ташишда юзага келиши мумкин бўлган салбий ҳолатлар, тирбандликларнинг олдини олиш, йўналишларда жамоат транспортлари сонини кўпайтириш ҳамда автобуслар ҳаракати учун мўлжалланган «А» тасмали йўлаклардан уларнинг тўсиқсиз ҳаракатланишини таъминлаш бўйича масъулларга керакли кўрсатма ва топшириқлар берилди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси маълумотида.
Масъуллар томонидан белгилаб олинган вазифалар замирида халқимиз ва йўловчиларга сифатли, хавфсиз жамоат транспорти хизматини кўрсатиш эканлиги таъкидлаб ўтилди йиғилишда.
А.РУСТАМОВ, ЎзА