Бугун Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 2025-2026 ўқув йилининг очилишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакиллари, нуроний устозлар, институт жамоаси, жорий ўқув йилида ўқишга тавсия этилган талаба-ёшлар ва уларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишди.

Байрам тадбирини институт ректори Алишер Уббиев кириш сўзи билан очиб, иштирокчиларни мустақиллигимизнинг 34 йиллик байрами ҳамда янги ўқув йилининг бошланиши билан табриклади.

Таъкидланганидек, янги ўқув йилининг бошланиши ҳам таълим жараёнида, ҳам ижтимоий ҳаётимиздаги муҳим аҳамиятга эга бўлган, ёшларимизни янги мақсадлар сари йўналтирадиган воқеадир. Мустақил юртимизда ёшлар таълим-тарбиясига, илм-фан ривожига қаратилаётган юксак эътибор бугун соҳа мутахассислари олдига катта масъулият юкламоқда. Президентимиз ғамхўрлиги билан яратилаётган кенг имкониятлар натижасида институтда ҳам замонавий таълим муҳитини шакллантириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташаббус ва ғояларини рўёбга чиқариш учун барча шароитлар яратилмоқда.

Ўтган йили институтнинг замонавий шароитларга эга бўлган янги ўқув биноси фойдаланишга топширилган бўлса, жорий йилда 500 ўринга мўлжалланган 3-сонли талабалар турар жойи, замонавий спорт мажмуаси, шунингдек, футбол, енгил атлетика ва баскетбол учун мўлжалланган спорт майдонининг фойдаланишга топширилгани келажак эгаларининг илм-фан сирларини чуқур ўзлаштириши, ҳам жисмоний, ҳам интеллектуал жиҳатдан етук авлод бўлиб етишиши учун хизмат қилиши шубҳасиз.

Оролбўйидаги биринчи олий таълим муассасаси ўзининг 90 йилдан ортиқ тарихига эга бўлган педагогика институтида ўқишни ният қилган юртимизнинг ўн минглаб ёшлари орасидан бу йил бакалавриатнинг кундузги ва кечки таълим йўналишларига икки минг нафардан ортиқ, магистратура мутахассисликларига эса икки юз нафарга яқин ёш ўқишга кирди.
– Бугун менинг ҳаётимдаги энг унутилмас кунлардан бири. Чунки, мен ушбу институтнинг тўлақонли аъзосига айландим. Бу даргоҳ – илм-маърифат маркази, ёшларнинг орзуларини рўёбга чиқаришга замин яратадиган таълим маскани. Мен 7 йилдан буён Ёшлар иттифоқи тизимида сардор бўлиб ишлаб келяпман. Ушбу йўналишдаги фаолиятим туфайли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг фаол аъзоларига олий таълим муассасаларига киришда имтиёзлар бериш тўғрисида”ги қарори асосида институтнинг миллий ғоя, маънавият асослари ва ҳуқуқ таълими йўналишига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиндим.
Ушбу даргоҳда Ўзбекистон Қаҳрамонлари, академиклар, давлат ва жамоат арбоблари етишиб чиқиб, халқимизга хизмат қилган. Мен ҳам уларнинг йўлини ибрат қилиб, шу ўқув юртида ўқишни мақсад қилган эдим. Бугун ўз мақсадимга эришдим. Албатта, институтда билим ва кўникмаларимни янада такомиллаштириб, келгусида мамлакатимиз таълим соҳаси ривожига ўз ҳиссамни қўшиш ниятидаман, – дейди Гулбаҳар Юсупбекова.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири мутасаддилари, институтга ҳукумат қарорлари билан имтиёзли давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган талабалар юртимизда ёшларнинг олий таълим олиши, касб-ҳунар ўрганиши, илм-фан билан шуғулланиб, ўз қобилиятларини юзага чиқариши борасида яратилаётган шароитлар ҳақида сўз юритиб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Институтда янги ўқув йили “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида “Мустақиллик дарслари” ва “Танишув ҳафталиги” билан давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири