Бугун мамлакатимизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби Сирдарё вилоятида ҳам янги ўқув йили 313 та умумтаълим, 10 та ихтисослаштирилган, Президент ва Ҳ. Худойбердиева номидаги ижод мактаблари ҳамда 17 та хусусий мактабларда “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари ва “Мустақиллик дарслари” кўтаринки руҳда ўтказилди.
Гулистон шаҳридаги 2-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган тантанали маросимда эса вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимов иштирок этди. У устозлар, ўқувчилар ва ота-оналарни қутлуғ айём ва янги ўқув йили билан табриклаб, таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва ёшларга қаратилган давлат эътибори ҳақида тўхталиб ўтди.
– Ҳар бир янги ўқув йили фарзандларимиз ҳаётида янги саҳифа, янги имкониятлардир, – деди Эркинжон Турдимов. – Президентимизнинг ташаббуслари билан мамлакатимизда таълим сифатини ошириш, ёшларимизни жаҳон андозаларига мувофиқ билим ва касб-ҳунар эгалари сифатида тарбиялаш йўлида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
[gallery-25143]
Тантанали маросим давомида ўқувчилар Ватан, истиқлол ва билим мавзуларига бағишланган бадиий-мусиқий дастурни намойиш этишди. Биринчи қўнғироқ садолари барча иштирокчиларни янги эзгу мақсадлар ва орзуларга чорлади.
Шунингдек, 2025–2026-ўқув йилида Сирдарё вилоятида илк бор мактабга қадам қўйган 17 050 нафар болажон учун Президент совғалари — 12 номдаги ўқув жиҳозлари топширилди.
10-синф ўқувчилари учун эса “Мустақиллик дарси” ташкил этилди. Дарсда истиқлолнинг ҳаётимиздаги ўрни, мамлакат тараққиётида ёшлар масъулияти, “Янги Ўзбекистон” ғоялари ва истиқболлари ҳақида атрофлича сўз юритилди.
Сирдарё вилоятида янги ўқув йилига муносиб тайёргарлик кўрилди, мактабларда замонавий ўқув хоналари, компьютер синфлари ва спорт заллари барпо этилди, таъмирланди. Бу эса ўқувчиларнинг билим олиш имкониятларини янада кенгайтирмоқда.
Бугун қўнғироқ садолари янги авлод учун илм-маърифат эшикларини очиб, уларни Ватанга садоқат ва замонавий билимлар сари чорламоқда.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат), ЎзА мухбирлари