Хоразм вилоятининг Хива туманида замонавий талабларга мос равишда бунёд этилган ўқув машқ майдони (автодром) фойдаланишга топширилди.
Тадбирда сўз олганлар янги автодромда барча тоифалар бўйича ўқув гуруҳларига амалий машғулотларни ўтказиш учун шарт-шароитлар яратилганини таъкидлашди.
"Хива Драйвер" масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлган ўқув машқ майдонида ёшларнинг амалий ҳайдаш кўникмалари шакллантирилиб, профессионал тарзда олиб бориладиган дарс ҳамда ўқув машғулотлари орқали малакали ҳайдовчилар тайёрланади.

Албатта, бундай ҳайдовчилар тайёрлаш учун йўл ҳаракати хавфсизлиги, назарий ўқув жараёнларини амалиёт билан чамбарчас олиб бориш лозим.
—Автодромда ҳайдовчилар тайёрлаш жараёни инновацион амалиётга йўналтирилган, —дейди "Хива Драйвер" МЧЖ раҳбари Дилшод Рўзметов. –Автодромдаги амалий машғулотлардан асосий мақсад хавфсиз ҳайдаш бўйича пухта кўникма бериш бўлиб, бу ер турли бурилишлар, махсус тўхташ майдончалари, светафорлар орқали ҳайдовчи реал ҳаётда дуч келадиган барча вазиятларни шу ернинг ўзида ўрганиб чиқади. Шунингдек, кутилмаган ҳолатларда турли хатти-ҳаракатларга баҳо бериш имконига ҳам эга бўлади.

Янги ишга туширилган автодромда ҳайдовчиликни ўрганаётган фуқоралар доимий равишда амалий машғулотларни сифатли ўташлари ва малакали мутахассислардан сабоқ олишлари мумкин.
—Автомактибимизнинг асосий биноси Хива шаҳрида жойлашган, —дейди ҳайдовчи йўриқчи Жасур Раҳимов. – У ерда назарий билимларни олган ўқувчиларимиз бу ерда амалий машғулотларда қатнашадилар. Айтиш мумкинки, бу ерда ҳайдовчилик гувоҳномасига имтиҳон топшираётганда бериладиган стандарт синов топшириқларидан кўра мураккаброқ ва қалтисроқ ҳаракатларни амалга оширишларига тўғри келади. Чунки, “Машқда қийин бўлса, жангда осон бўлади” деган ҳикматли гап бор халқимизда.

Мазкур ўқув -машқ майдончасининг ишга тушиши нафақат ҳайдовчилар тайёрлаш, балки ҳудуддаги йўлларда ҳаракатланиш маданияти ва хавфсизлигини кучайтиришга қаратилган яна бир муҳим қадам бўлди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат),
ЎзА мухбирлари