Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди
10:02 / 2024-09-22

Андижон вилояти Марҳамат тумани Полвонтош шаҳарчасида 16 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатадиган оилавий поликлиника фойдаланишга топширилди.

Марҳамат тумани ҳокими Ўткирбек Маъмиров, туман секторлари раҳбарлари, шифокорлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизмат сифатини ошириш, янги тиббий муассасалар ташкил этиш, мавжудларини замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.  

Полвонтош шаҳарчасида 1949 йилда қурилиб, кейинчалик бир неча марта таъмирланган поликлиника кейинги йилларда кўримсиз, авария ҳолатига келиб қолган эди. Аҳоли ва мутахассисларнинг саъй-ҳаракати билан ўтган йили поликлиникани янгидан барпо этиш бўйича лойиҳа тайёрланиб, “Ташаббусли бюджет” танловида иштирок этди. Якунда мазкур лойиҳа юқори овоз олиб, поликлиника қурилиши учун 1 миллиард 300 миллион сўм маблағ ажратилди.

[gallery-19397]

Замонавий кўринишга эга янги оилавий поликлиника қисқа муддатда  барпо этилди, шифокорлар ва ташриф буюрувчилар учун зарур барча шароитлар яратилди.

Айни пайтда 46 нафар тиббиёт ходими иш олиб борадиган оилавий поликлиника ҳудуддаги маҳаллаларда истиқомат қилувчи 16 минг нафардан ортиқ аҳолига хизмат кўрсатади.  

Оилавий поликлиниканинг самарали фаолият юритиши учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан 1 миллиард 100 миллион сўм қийматдаги замонавий тиббий асбоб ва жиҳозлар ажратилди.

Янги оилавий поликлиниканинг иш бошлаши билан ҳудудда тиббий хизмат кўрсатиш  сифати янада юксалади.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари