English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги оилага кредит билан келган келин, бисотини қиморга тиккан куёв, номигагина ўтказилаётган тарғиботлар...
18:25 / 2022-02-07

Кейинги пайтларда ажримлар ҳақида эшитсак, ажралишга сабаб бўладиган баҳоналардан энса қотади. Бир оилани асраб қолиш учун қанча инсонлар ишга солинади... Кўпни кўрган онахонларнинг ҳаёти ибрат қилиб кўрсатилади. Аммо қанийди кор қилса?

Яқинда конимехлик бир ёш оилани ажралиш сабаблари ўрганилди. Келинг, сизни ҳам бу можародан хабардор қилайлик. Келин турмуш қураётганида маҳалласига дув-дув мақтовлар билан олиб келинди. Эмишки, келин бўлмиш роса мебеллару, техника жиҳозларга эга экан. Тўй куни эса келин сарпога қўшиб олиб келинган замонавий, кўзни қамаштирадиган жиҳозларни кириб томоша қилмаган одам қолмади.

Фаровон яшашга интилиш яхши. Хўп, ота-онаси орзу ҳавасли экан, тўёна қилишганда дерсиз... Афсуски, тўйдан кейинги тўс-тўполон айнан шу қимматбаҳо мебеллару, замонавий техникалар учун бошланди. Қачонки, банк ходимлари келинчакнинг ўйига кредит тўловларини сўраб келишганида...

Тўғри топдингиз, келин ота уйидан келар чоғда банк кредити билан рўзғорини бут қилиб, камига фалон сўмлик қўл телефонини ҳам харид қилиб келган. Қизиқ, бунинг тўловини ким қилади, деб уйламаганмикан? Афсуски, ойига 3 миллиондан ошиқ тўлов қилиниши керак бўлган маблағ учун бир оила ажралди, чунки катта қарз билан кириб келган келин қанчалар оилага тайёр бўлмасин, уни куёвнинг оиласи қабул қилмади. Бу оилани асраб қолиш учун кимлар аралашмади, дейсиз. Маҳалла, ҳатто туман ҳокимини ўзи ҳам бу муаммони ўрганди. Ишсиз келин-куёвларни ишга ҳам жойлаштириш учун ҳаракатлар қилинди. Бироқ.....

БИСОТИНИ ҚИМОРГА ТИККАН КУЁВ

Навоий шаҳридаги ажримга сабаб бўлган яна бир ҳолат. Эндигина оила қурган йигит алламбало интернет қиморига бор бисотини тиккан. Унинг ота-онаси ўғлини бир неча маротаба ишга жойлаштириб қўйди. Афсуски, йигит ўша икки-уч ой ишлаган корхоналарда ҳам ўнлаб одамларнинг ишончига кириб, уларнинг пластик карталаридаги пулларини қимор ўйинига тикиб юборган. Оқибатда бир оила барбод бўлди. Боиси, куёвнинг келин билан умуман иши йўқ эди, ўй-хаёли виртуал оламдаги қимор ўйинларидан ортмади.

Қизнинг ота-онаси улар фарзандли бўлмасидан "куёв" бўлмиш боласини ҳам қиморга тикиб юбормаслиги учун хавотирда никоҳни бекор қилишди. Энг ёмони, ярашишга қанча вақт бермайлик, бефойда кетди. Олий маълумотли йигитнинг парвойи фалак. "Зомби"га ўхшаб қолган. Шу бугун пул топса, яна интернетга киради ва ўйнайди, дейди Навоий шаҳар ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Гулмира Шамсиддинова.

"Бундай можароларни кун ора эшитасиз. Энг афсусланарлиси, ҳали "она сути оғзидан кетмаган" гўдакни ота оналар турмушга узатиш учун ФҲДЁ бўлимларига олиб келишади, – дейди Нурота тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси Зебо Мирзаева. – Негадир, айрим одамлар ёшларни фуқаролик паспорти олдими, демак турмуш қуриши мумкин, деган фикрда.

Яқинда «Эшонсудур» маҳалласидан шу масалада келишди. Тушунтириш ишларимизга қарамай, қизини узатишди. Қанча куйинманг, барибир ўз билганидан қолмайдиган ота-оналар қанча?.. Наҳотки инсонлар фарзандининг ҳаётини ўртага қўйиб нималарнидир режалаштирса?!

ХИЁНАТ...

Карманада эса турмуш қурганига 6 ойгина бўлган оила никоҳни бекор қилишди. Сабаб эса хиёнат, йигитнинг беқарорлиги туфайлидир. Ота-онанинг истаги, қиз ва йигитнинг кўнгил мойиллиги билан қурилган оила кўпга бормади. Йигит 19 ёшда қиз эса 18 ёшда. Аниқ бўлишича, йигит шундоққина ўзи яшайдиган манзилнинг кўча бошида ижарада турадиган ўзидан 4-5 ёш катта болали аёл билан 2 йилдан буён яшаркан. Наҳот, ота-онанинг шу ҳолатдан хабари бўлмаса... Албатта хабари бўлган, аммо “...уйлантирсак, кўнади..." қабилида иш тутишган.

Ажрим жараёнида келинга нисбатан йигитнинг гап сўзларини эшитган инсоннинг эти жимирлайди. Ахир оила эр-хотиннинг хоҳиши асосида қурилади. Келин тараф кўзида ёш билан куёвини «қарғай-қарғай» чиқиб кетди...

"Туманда 2021 йилда кузатилган 177 та ажримдан 20 дан ортиқ оиланинг айнан хиёнат туфайли никоҳи бекор қилинди", дейди туман ФҲДЁ бўлими 1-тоифали инспектори Гулшан Бекназарова.

"Яқинда ижтимоий тармоқларда 15 ёшли лўли миллати вакилларининг тўй томошаси чиқиб кетди. Бу тўй жамоатчиликнинг турли баҳс-мунозараларига сабаб бўлди. Мен эса бу тўйни фожиа деб ҳисоблайман, – дейди Навбаҳор тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Ҳалима Нурматова. – Ахир, "қовун қовундан ранг олади", деган гап бор.

Кейинги пайтларда молу-мулки бировга ўтиб кетмасин, деб қизини ёшлай ўзининг яқин қариндошига узатаётганлар кўпайиб бораётганини айтиш жоиз ёки икки бой-бадавлат оила фарзандлари кўнглига қарамай, қуда бўлишни ният қилгани учун ҳам ажримлар кўпаяётганини айтиш керак.

Умуман, ёшларнинг бирор касб эгаси бўлмай туриб оила қураётгани сабаб ҳам, молиявий етишмовчиликлар, руҳий касалликларини яширгани учун ҳам бундай хунук оқибатлар содир бўлмоқда. Энди номигагина ўтказилаётган тарғиботлар ўтмайди. Кимни алдаймиз, агар тарғиботларимиз натижа бермаса...

Биз отинойилар билан ҳам маслаҳатлашиб кўрдик. Бироқ, тадбирлар жуда кам натижа бермоқда.

Хатирчи туманидаги ажримларнинг айримларига ичкилик ва гиёҳвандликка берилиш ҳолатлари сабаб бўлмоқда. Ҳайратланарли жойи, ота-оналар ҳеч қаерда ишламайдиган, ўқимайдиган, камига ичкилик ва гиёҳвандликка ружу қўйган ўғилларини уйлантиришади.

Назаримда, тарбия масаласи оқсаган оилада шундай фарзандлар улғаяди. Тўйдан кейин бўлар-бўлмасга доимо калтакланган келиннинг сабри ҳам тугайди-да. Калтакнинг зўридан ҳомиласи ҳам нобуд бўлган келин ажралишга қарор қилади. Ажримларнинг олдини олишдаги тадбирларимиз бирида келиннинг кўзида ёш билан “...Ўзимни ўйламаяпман, бўлажак фарзандимнинг гиёҳванддан туғилишини истамайман", деб юм-юм йиғлаганига биз ҳам чидай олмадик", дейди Хатирчи тумани ФҲДЁ бўлими мудираси Манзура Қўлдошева.

Хуллас, баъзида оддийгина «ғиди-биди»дан бошланадиган жанжалларнинг бир йил ўтгандан кейин ФҲДЁ идораси остонасида "феъл атворимиз тўғри келмади", деган важ билан кириб келишидан тизим ходимларининг юраги безиллаган.

Рақамларга мурожаат қилсак, ўтган 2021 йил давомида 1229 та оиланинг никоҳи бекор қилинди. Уларнинг 917 таси суд орқали ва 224 таси фарзанди бўлмаган эр-хотинларнинг ўзаро розилиги туфайли ажрим ҳолати расмийлаштирилган.

79 та жуфтликнинг такрорий никоҳда бўлгани учун суд қарори билан никоҳи бекор қилинган. 5 нафар оиланинг эса эр ёки хотинининг руҳиятидаги бузилиш сабаб оила тебратиш, умуман муомалага лаёқатсиз деб топилгани боис суд қарори билан никоҳи тугатилди.

Никоҳни бекор қилиш бўйича энг пешқадам ҳудуд Навоий шаҳри ҳисобланади, 293 та оила бузилган. Хатирчи туманида 198 та, Кармана туманида 177 та, Қизилтепа туманида 149 та, Навбаҳор туманида 133 та, Зарафшон шаҳрида 129 тани ташкил этмоқда. Афсуски, шу ажримларнинг 60 фоизи 18-20 га кирган ёшлардир. Бу фактлардан, рақамлардан хулоса чиқариш ўзингиздан.

ДХА Навоий вилояти ахборот хизмати