Конларда табиий газ қазиб чиқаришни кўпайтириш, углеводородлар захирасини ошириш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини бажариш баробарида, янги қудуқлар бурғиланиб, тугатилган қудуқлар мажмуасида турганлари эса мураккаб таъмирлаш ишлари олиб борилгандан кейин ишга туширилмоқда.
“ERIELL” компанияси билан ҳамкорликда Бухоро вилоятидаги Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли “Тайлоқ” газ конденсати конидаги 47(НН)-сонли қудуқ ўзани 2400 метргача қия йўналтирилиб бурғиланди. Шундан сўнг, қудуқни ўзлаштириш ишлари амалга оширилди ва ундан газ ҳамда газ конденсати оқими олинди.
Дастлабки маълумотларга кўра, ўзлаштириш ишларидан сўнг, кунлик 136 минг куб метр саноат миқёсидаги табиий газ ва 2 тонна газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.
Маълумот учун, “Тайлоқ” газ конденсати кони Бухоро вилоятининг Қоракўл туманида жойлашган бўлиб, 2013 йилда ишга туширилган.
Зариф Комилов,
ЎзА