Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги очилган корхоналар орқали 23 мингдан ортиқ ишчи ўрни яратилди
15:39 / 2022-12-24

Самарқанд вилояти Иштихон туманида навбатдаги яна бир йирик пиллани қайта ишлаш “Ishtixon silk” МЧЖ корхонаси ўз фаолиятини бошлади.

Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитаси томонидан йўлга қўйилган мазкур лойиҳа қиймати 2 миллион долларга тенг бўлиб, унда 12 мингдан ортиқ доимий ва мавсумий ишчи ўрни яратилган.  

Корхонада пиллани қайта ишлаш линиясининг йиллик қуввати 72 тоннани ташкил этади.    

Корхона тасарруфида 403,8 гектар тутзор мавжуд бўлиб, ҳар 20 гектар тутзорлар қошида махсус ипак қуртини парваришлаш иншоотлари, яъни, қуртхоналар барпо этилди. Ҳар бир қуртхонада 35 қутидан ипак қурти уруғи парваришланади. Жами парваришланадиган ипак қурти уруғи эса 6 минг 100 қутини ташкил этади.  

Шунингдек, яна бир йирик “Payariq ipagi” МЧЖ пиллани қайта ишлаш корхонаси ишга туширилди.    

Самарқанд вилояти Пайариқ туманида жойлашган мазкур лойиҳа қиймати 1 миллион долларга тенг бўлиб, унда 11 мингга яқин доимий ва мавсумий ишчи ўрни яратилган. Шундан доимий ишчилар сони 9 минг 255 нафар, мавсумий 1 минг 289 нафарни ташкил этади.  

Корхонада мавжуд тутзорлар 408,2 гектарни ташкил этиб, жорий йилда 812 минг дона тут кўчати экилди. Мавжуд якка қатор тут кўчатлари эса 1 минг 340 тупни ташкил этади.  

Мазкур янги корхонада ҳам ҳар 20 гектар тутзорлар қошида махсус ипак қуртини парваришлаш иншоотлари барпо этилди. Ҳар бир қуртхонада 35 қутидан ипак қурти уруғи парваришланади. Жами парваришланадиган ипак қурти уруғи эса 5 минг 180 қутини ташкил этади.  

ЎзА