Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Навоий шаҳарчаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда
21:10 / 2025-04-15

Навоий вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси томонидан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида “2024-2025 йиллар давомида Навоий вилоятида қурилиш соҳасида олиб борилган ишлар, бош режаларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда кўп қаватли уйлар қурилишида эришилган натижа ва кўрсаткичлар” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда бош бошқарма бошлиғи Акбар Ниёзов амалга оширилган ишлар ва келгуси режалар ҳақида маълумот берди. 

Таъкидланганидек, соҳани рақамлаштириш ишларига эътибор қаратилиши натижасида вилоятда фаолият юритаётган 1390 та пудрат ташкилотларидан 830 тасининг молиявий ҳолатлари яхшиланди, 2024-2025 йиллар давомида 4 мингта янги иш ўрни яратилди.

Биргина марказлаштирилган дастурлар доирасида барча манбалар ҳисобидан 283 та объектда 700 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Янги технологиялар ва маҳаллий материаллардан фойдаланиш натижасида 86 миллиард сўм маблағ иқтисод қилинди.

– Ушбу иқтисод қилинган маблағлар 4 та янги таълим объектлари ҳамда дастур доирасида лимити етишмаган 17 та объектларнинг қурилиш-таъмирлаш ишларига йўналтирилди, – дейди А.Ниёзов. – 2024 йилдаги дастурлар доирасида 67 та 4734 та хонадонли уй-жой фойдаланишга топширилди. 

Давлатимиз Раҳбарининг 2025 йил 21 февралдаги “Уй-жой ва ипотека бозорини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, Навоий вилоятида 2025 йилда 5500 хонадонли 69 та уй-жойлар фойдаланишга топширилиши белгиланган бўлиб, 10 та 842 хонадонли уй-жой “Янги Ўзбекистон” массивларида, 59 та 4658 хонадонли уй-жой талаб юқори бўлган бошқа ҳудудларда тадбиркорлик субъектлари томонидан қурилиб, фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. 

[gallery-22824]

Ҳозирда “Янги Навоий шаҳарчаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда. Шаҳарчанинг умумий майдони 1098 гектарни ташкил этиб, биринчи босқичда 450 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилади.

Ушбу лойиҳа Навоий шаҳри марказининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш, инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, замонавий объектлар қуриш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида амалга оширилмоқда. 

“Янги Навоий шаҳарчаси” йирик замонавий бизнес ва турар-жой биноларидан ташкил топган инфратизим бўлиб, ундан кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, йирик кутубхона, кўнгилочар ва истироҳат боғлари, сунъий кўл, ҳунармандчилик устахоналари ҳамда бошқа бир қатор бино, иншоотлар ўрин олади.

“Янги Навоий” шаҳарчаси ҳудудидан биринчи босқичдаги 97 гектар ер майдони ҳудудидан 28 та лот аукцион савдолари орқали тадбиркорларга реализация қилинди. Бугунги кунда 12 та лот бўйича объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари тўлиқ тайёрланиб, давлат экспертизасининг ижобий хулосалари олинди ва 51 та турар жой биноларининг қурилиш-монтаж ишлари давом эттирилмоқда. Шу билан бирга, Навоий давлат университетининг қурилиши бошланган. Давлат тест маркази қурилиши эса ниҳоясига етказилмоқда. 

Матбуот анжуманида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари ҳақида ҳам маълумот берилди. Жумладан, лойиҳанинг 2024 йил 2-мавсуми доирасида вилоятда 87,9 миллиард сўмлик 74 та объектда қурилиш ва жиҳозлаш ишлари амалга ошириш кўзда тутилган. Қурилиш ишлари бўйича 56 та лойиҳа пудратчилари “Шаффоф қурилиш” орқали, жиҳозлаш ишлари бўйича 18 та лойиҳа етказиб берувчилари “dxarid.uz” портали орқали аниқлаб олинган. 

Ҳозирда 56 та лойиҳадан 15 тасида қурилиш монтаж ишлари бажарилмоқда, 5 тасида фойдаланишга қабул қилиш далолатномалари расмийлаштирилаётган бўлса, 36 та объект фойдаланишга топширилган.

Жиҳозлаш ишлари олиб борилиши кўзда тутилган 18 та лойиҳадан эса 15 та лойиҳа фойдаланишга топширилган.

Айни пайтда ҳар бир қурилиш ишлари тасдиқланган бош режа асосида белгиланган тартибда амалга оширилмоқда. Вилоятда 8 та шаҳарча ва қишлоқ аҳоли пунктлари бош режаси ишлаб чиқилмоқда.

Тадбир сўнггида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари