Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Наманганда тиббий кўрик акцияси
09:23 / 2025-09-22

Ташрифдан сўнг

Мамлакатимиз раҳбари шу йил 16-17 сентябрь кунлари Наманган вилоятига ташрифи чоғида Норин туманидаги собиқ Шўрариқ маҳалласидаги абгор ҳолатни танқид қилди ва вазиятни ўнглаш борасида мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.

Давлат бюджетидан ушбу оғир тоифадаги маҳалла инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолига соғлиқни сақлаш ва таълим эҳтиёжларини замонавий тарзга келтириш мақсадида 10 миллиард сўм маблағ ажратилиб, айни кунларда бунёдкорлик ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда.

Вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси изчил ислоҳотлардан четда турмаган ҳолда, Янги Наманган номини олган маҳаллада жойлашган 16-сонли умумтаълим мактаби биносида аҳоли учун “Инсон қадри учун, инсон бахти учун” шиори остида чуқурлаштирилган тиббий кўрик акциясини ташкил этди.

Вилоятдаги бир қатор ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасаларининг тажрибали мутахассисларидан иборат кўп сонли гуруҳ мазкур ҳудудда кенг кўламдаги тиббий кўрик ўтказди. Кўчма ихтисослашган тиббий текширув воситалари турли ёшдаги беморларга хизмат кўрсатди. 

– Юртбошимизнинг маҳалламизга ташрифи унутилмас воқеа сифатида ҳаммани мамнун этди, – дейди маҳалла фуқароси Саидахон Болтабоева. – Сўнгги кунларда ҳудудда кечаётган ўзгаришлардан бағоят кўнглимиз шод. Ғамхўрликнинг яна бир ифодаси сифатида, тажрибали шифокорлар, қўли енгил ҳамширалар, ҳатто пойтахтдан келган олима шифокорларгача аҳоли саломатлигига куюнчаклик билан қаради. Эътиборлиси, одамларнинг аксарияти вилоят марказига узоқ йўл босиб, бундай тиббий текширувлардан ўтиши бир мунча қийинчилик туғдирарди. Ҳозирда эса мушкулимиз осон бўлди.

Тадбир давомида вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази, республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиали, республика ихтисослаштирилган кардиология илмий амалий тиббиёт маркази, вилоят фтизиатрия ва пульмонология маркази, республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий амалий тиббиёт маркази Наманган филиали каби ўнлаб шифо масканларининг юқори малакали мутахассислари маҳаллага йўналтирилди.

– Беш мингдан зиёд киши яшайдиган ушбу маҳаллада барча хонадонлар тиббий хатловдан ўтказилган эди, энди соғлигида муаммоси бор кишилар таниқли шифокорлар кўригига йўлланди, – дейди 16-оила поликлиникаси шифокори Маъмурахон Назарова. – Нафақат Янги наманганликлар, балки қўшни Повонкўл ва Бўритепа маҳаллаларидан келган аҳоли вакиллари ҳам яратилган имкониятдан баҳраманд бўлмоқда.

Айни кунларда давлат раҳбари эътиборига тушган манзилда аҳолини соғломлаштириш ишлари қизғин кечмоқда, мазкур жараёнда нафақат маҳаллий шифокорлар, балки Тошкентдан ташриф буюрган таниқли тиббиёт ходимлари ҳам фаоллик кўрсатиб, беморларга даво чоралари белгиланмоқда. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА