Наманган шаҳрининг меъморий қиёфаси тубдан ўзгариб, бунёдкорлик ишлари янада авж олган.
Президентимизнинг 2022 йил 11 мартдаги “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорининг ижроси доирасида кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилаётгани бунинг ёрқин далилидир.
“Янги Наманган шаҳарчаси” дирекцияси раҳбари Рустамжон Исоқовнинг маълум қилишича, давлатимиз раҳбарининг қарорига асосан қурилиш ишлари Наманган шаҳри таркибидаги Давлатобод туманининг Юксалиш, Орзу ва Тўрақўрғон туманининг Еттикон, Ибрат, Парасмон маҳаллалари ҳудудидан 1 минг 203 гектар майдонда уч босқичда амалга оширилмоқда. Мазкур концепция Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси, лойиҳа ишлари эса “Тошкент Бошплан Лити” давлат унитар корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Унга кўра, 2018 йилда бошланган илк босқичдаги ишлар 2021 йилда якунланиб, 2022 йилда давом эттирилган иккинчи босқичдаги юмушлар 2024 йил якунигача, учинчи босқичдаги лойиҳалар 2026 йилга қадар мўлжалланган.
Даставвал, “Янги Наманган шаҳарчаси”даги “Юксалиш” массивида 330 гектарда “Ёшлар”, “Юксалиш” ва “Кушон” кичик саноат зоналари ташкил этилиб, уларда умумий қиймати 3,9 триллион сўмлик 300 та лойиҳа ишга туширилди ҳамда 26,3 мингдан ортиқ киши доимий иш ўрнига эга бўлди. Ҳудудда 71 та 2 минг 764 хонадонли, шундан, 648 таси тўққиз ва 16 қаватли уй, 150 ўринли болалар шифохонаси, 990 ўринли замонавий умумтаълим мактаби, 360 ўринли мактабгача таълим ташкилоти ҳамда 30 дан ортиқ савдо, маиший хизмат кўрсатиш объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бунинг натижасида 5 триллион сўмдан зиёд сармоя ўзлаштирилди. Қолаверса, 2 минг 764 оила янги уйларга кўчиб кирди.
Шаҳарча лойиҳасининг иккинчи босқичи доирасида 340 гектарда 20 минг хонадонли тўққизта 24 қаватли 171 турар-жой, олтита мактаб, ўнта болалар боғчаси, тўйхона, масжид, шифохона, спорт мажмуалари, кутубхона, санъат галереяси, “IT” парк, меҳмонхона ва бизнес маркази, ўнлаб савдо, хизмат кўрсатиш объектлари барпо этилмоқда. Эътиборлиси шундаки, 65 гектар майдонда “Янги Ўзбекистон боғи” барпо қилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Умумий қиймати 90 миллиард 666 миллион сўмни ташкил этадиган муҳташам боғ ҳудудида уч босқичда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари доирасида аввалига 2400 ўринли амфитеатр ишга туширилган бўлса, айни вақтда анвойи гуллар экиш, ташқи коммуникация, йўл қурилишидан ташқари автотураргоҳ, йигирмага яқин савдо шохобчаси, болалар майдончаси, бешта кафе-ресторан, миллий ўйинлар майдонлари ҳам қад ростлайди.
Бош режа асосида 54 лотга ажратилган ер майдонлари онлайн-аукцион савдосига чиқарилган бўлса, шундан 12 лот, 33 турар-жой биноси ҳамда иккита олийгоҳ биноси учун онлайн-аукционда хорижий ва маҳаллий тадбиркорлардан иборат ғолиблар аниқланди. Шунингдек, 20 лотдан битта мактаб ва мактабгача таълим қурилиши бўйича, 16 та кўп қаватли турар-жой, иккита тиббиёт муассасаси ҳамда “Янги Ўзбекистон боғи” ҳудудидан учта ер участкаси, битта боулинг ва кафе, иккита ресторан қурилиши онлайн-аукционга жойланди.
– Лойиҳа қиймати 30 миллион доллар, майдони етти гектар бўладиган замонавий типдаги Тошкент кимё халқаро университети биноси қурилишини ўтган йилнинг ноябрь ойида бошлаганмиз. Асосий корпус тўққиз қаватли бўлиб, ижтимоий гуманитар фанлар ўқитиладиган иккинчи корпус эса етти қаватдан иборат, – дейди “Строй проект груп” масъулияти чекланган жамият директори Мансуржон Аҳмедов. – Қурилиш-монтаж ишларини сифатли бажаришимиз учун барча мутахассис кадрлар ва зарур техник воситаларга эгамиз. Шу йил сентябрда бинони фойдаланишга топширишни режалаштирганмиз.
– Ўтган йилнинг сентябрида қиймати 20 миллиард сўмлик тўққиз қаватли, 63 хонадонли уй қурилишини бошлаган бўлсак, бир сменали иш шароитида меҳнат қилмоқдамиз, – дейди “Жаҳон қурилиш-таъмирлаш” хусусий корхонаси раҳбари Мубошер Абдуллаев. – Жами юз нафарга яқин ишчи-ходимимиз бор. Шулардан “Янги Наманган шаҳарчаси”даги қурилишда ўттиз нафар қурувчи-мутахассис астойдил ишламоқда. Яна бир ойдан сўнг пардозлаш ишларини якунлаб, объектни топширишни ният қилганмиз.
Дарҳақиқат, “Янги Наманган шаҳарчаси”нинг барпо этилаётгани халқимизнинг янада фаровон турмушини таъминлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири