Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги Наманган туманига ҳоким тайинланди
12:17 / 2025-12-29

Халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Депутатлар, вилоят ва туман фаоллари, ташкилотлар раҳбарлари иштирокидаги сессия ишида ташкилий масала кўриб чиқилди.

Сессияда маъруза қилган Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов кейинги йилларда вилоятнинг энг ёш ҳудудида олиб борилган ишлар, эришилган ютуқлар баробарида, ишга солинмаган имкониятлар ҳақида тўхталди. 

Депутатлар Наманган вилояти ҳокимининг Жобир Шарифович Абдуллаевни Янги Наманган тумани ҳокими лавозимидан озод этиш ва туман Кенгашининг депутатлик ваколатини муддатидан олдин соқит қилиш ҳамда Адҳам Жакбаралиевич Қорабоевни Янги Наманган тумани ҳокими этиб тайинлаш тўғрисидаги қарорларини тасдиқлашди. 

Адҳам Қорабоев 1985 йилда Наманган туманида туғилган. Маълумоти олий, 2008 йили Наманган муҳандислик-педагогика институти тамомлаган. Мутахассислиги муҳандис-электрик. Меҳнат фаолиятини 2007 йилда оддий электромонтёрликдан бошлаган. 

Кейинчалик у турли йилларда “Электрқишлоққурилиш” жамиятига қарашли 11-сонли механизациялашган жамланма, Наманган тумани ҳамда вилоят электр таъминоти корхоналарида турли масъул ва раҳбарлик вазифаларида иш олиб борган. 

Адҳам Қорабоев янги тайинловга қадар “Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти Наманган филиали бош директори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.