Наманганда халқ депутатлари Янги Наманган тумани Кенгашининг навбатдан ташқари биринчи сессияси бўлиб ўтди.
Унда депутатлар, вилоят ва шаҳар фаоллари, корхона ва ташкилот раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 18-19 февраль кунлари Наманганга ташрифи чоғида вилоят фаоллари билан ўтказилган йиғилишда кейинги йилларда Наманган шаҳрига янги ер майдонлари қўшилгани, аҳоли сони муттасил ошиб бораётгани, вилоят марказида одамларнинг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида Наманган шаҳри таркибида янги туман ташкил этиш таклифини билдирган эди. Мазкур масала халқ депутатлари Наманган шаҳар ва вилоят Кенгашлари сессияларида кўриб чиқилиб, давлат раҳбарининг ташаббуси маъқулланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 24 апрелдаги “Наманган вилоятининг Наманган шаҳри таркибида Янги Наманган туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори билан янги туманга асос солинди.
Янги ташкил этилган Янги Наманган тумани ҳудуди 8 минг 223 гектардан иборат бўлиб, туманнинг 24 та маҳалласида 146 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Янги туман ҳудудига 24 та маҳалла фуқаролари йиғини, 21 та умумтаълим мактаби, 40 та мактабгача таълим муассасаси, 2 та оилавий поликлиника ва 12 та касалхона ўтказилмоқда.
Наманган шаҳридаги “Мингтерак”, “Бунёдкор”, “Мустақилликнинг 5 йиллиги”, “Ахсикент”, “Машраб”, “Маънавият”, “Фурқат”, “Гулистон”, “Беруний”, “Мингчинор”, “Тинчлик”, “Ёшлик”, “Оромгоҳ”, “Атанган гузар”, “Янги замин”, “Меҳнатобод”, “Сиҳатгоҳ”, “Гўзал”, “Чаманзор”, “Ишонч”, “Шербулоқ”, “Келажак тонги”, “Соҳил” ва “Истиқбол” маҳалла фуқаролар йиғинларининг ҳудудлари Янги Наманган тумани таркибига қўшилади.

Янги Наманган туманининг саноат ва ишлаб чиқаришдаги ролини ошириш мақсадида истиқболда 16 та саноат корхонаси ҳамда 4 та кичик саноат зонаси фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Саноат корхоналарида ишлаб чиқариладиган маҳсулот ҳажмларининг шаҳар саноатидаги умумий улуши 926 миллиард 300 миллион сўмни ёки 22 фоизни ташкил этади. “Ёшлик”, “Машад”, “Бунёдкор” каби кичик саноат зоналарида 245 миллиард сўмга тенг 62 та лойиҳани ишга тушиши билан 2 минг 600 та янги иш ўрни яратилади.
Янги Наманган тумани ташкил этилиши муносабати билан алоҳида комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ишлаб чиқилади. Биргина, давлат раҳбарининг кутилмаган ташрифи кузатилган “Бунёдкор” маҳалласининг ўзида Янгиқўрғон тумани ҳудудидан 24 километрлик ичимлик сувини тортиш ишларига 100 миллиард сўм, янги тумандаги ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 110 миллиард сўм маблағлар йўналтирилади. Бунинг натижасида ўта ўғир аҳволга тушиб қолган Ёшлик, Бунёдкор, Мустақилликнинг 5 йиллиги, Тинчлик ва Оромгоҳ маҳаллалари қиёфаси тубдан ўзгаради.
Эслатиб ўтамиз, давлатимиз раҳбарининг ўтган йилнинг июнь ойида Наманганга ташрифи давомида илгари сурилган таклифи асосида Олий Мажлис Сенатининг 2020 йил 11 сентябрдаги қарори билан Наманган шаҳри таркибида Давлатобод тумани ташкил этилган эди. Айни пайтда мазкур ҳудудда янги инфратузилма объектлари барпо этилиб, аҳолига хизмат кўрсатиш тизими янада яхшиланмоқда.
Янги туман ташкил этилиши одамларни рози қилиш йўлидаги навбатдаги дадил қадамлардан бири бўлди. Бу аҳоли турмуш даражаси юксалишига қулай шарт-шароитлар яратиш, бандликни таъминлаш, саноатни ривожлантириш ва тадбиркорлик субъектлари сонини оширишга хизмат қилади.
Сессия ишида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов сўзга чиқди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА