Кейинги йилларда Наманган шаҳри улкан қурилиш майдонига айланди. Вилоят марказининг Давлатобод туманида барпо этилаётган Янги Наманган шаҳарчасида яна бир йирик лойиҳа – “China House” масъулияти чекланган жамият томонидан замонавий турар-жой мажмуаси қурилиши бошланди.
Мазкур лойиҳа Наманган учун жуда муҳим объект ҳисобланади. Ушбу шаҳарча 200 мингдан зиёд аҳолини ўз бағрига олади. Қурилишда нафақат юртимиз бунёдкорлари, балки дунё миқёсида катта тажрибага эга хорижий ҳамкорлар ҳам фаол қатнашмоқда. Эндиликда улар сафига яна бир йирик лойиҳа қўшилди.
Хитой Халқ Республикаси инвестицияси иштирокидаги “China House” компанияси томонидан 30 миллион АҚШ доллари ҳажмдаги тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ҳисобидан икки гектар майдонда жами 16 та кўп қаватли турар-жой биноси барпо этишга киришилди. Лойиҳанинг тақдимот маросимида вилоят жамоатчилиги, нуронийлар, тадбиркорлар ва турар-жой олишга талабгор аҳоли вакиллари ҳозир бўлди.
Наманган вилоят ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов халқимиз фаровонлигини юксалтириш борасида олиб борилаётган изчил ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлиги одамларнинг кундалик ҳаётида акс этаётганлигини таъкидлади. Янги Наманган шаҳарчасида амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, янги лойиҳанинг аҳамиятига эътибор қаратди.
[gallery-26328]
“China House” компанияси раҳбари Гулбаҳор Тожимирзаеванинг қайд этишича, янги мажмуада барпо қилинадиган саккизта ўн икки қаватли, саккизта тўққиз қаватли уйларда умумий ҳисобда 1208 хонадон жойлашади. Шунингдек, лойиҳа доирасида савдо ва маиший хизмат мажмуаси, хизмат кўрсатиш комплекслари, ёпиқ сув ҳавзаси, соғломлаштириш ва дам олиш масканлари қурилиши режалаштирилган.
Янги турар-жой мажмуаси қурилиши катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Хонандалар ижросидаги концерт дастури тадбирга кўтаринкилик улашди. Рамзий лента қирқилгач, янги мажмуа пойдеворига тамал тоши қўйилди.
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА.