Бугунги кунда Наманган ўзининг меъморий қиёфасини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётган гўшалардан бирига киради. Ободонлаштириш, инвесторлар ҳамда туризм салоҳиятидан фойдаланиш, замонавий бизнесни ривожлантириш учун барча имкониятлардан фойдаланилмоқда.
Бинобарин, Президентимизнинг 2022 йил 11 мартдаги “Наманган шаҳрида “Янги Наманган шаҳарчаси” замонавий ишбилармонлик маркази ва турар-жойлар комплексини барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори ижроси доирасида Наманган шаҳрининг Давлатобод тумани ҳамда Тўрақўрғон туманидан қўшилган жами 1203 гектар ер майдонида уч босқичли улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Жумладан, “Янги Наманган” шаҳарчасига олиб борувчи автомобил йўлининг қурилиши якуний босқичига етиб келди. Бу узунлиги 3,170 километр бўлган “Янги Наманган” автомобил йўли ҳудуддаги транспорт ҳаракатини яхшилашга қаратилган муҳим инфратузилма лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа “Тўрақўрғон тумани йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси” томонидан изчиллик билан амалга оширилди. Ҳозирда қурилиш гуруҳининг асосий эътибори магистралнинг қолган 500 метр узунликдаги қисмида асфальтлаш ишларини бажаришга қаратилган. “Янги Наманган” автомагистрали аҳолига сифатли хизмат қилиши назарда тутилган. Умуман олганда, янги автомагистрал йўли ҳудуд ичида юклар ва автомобилларнинг тирбандликларсиз ҳаракатланишига ёрдам берувчи муҳим бўғин бўлиб хизмат қилади.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА