Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан бугун юртимизнинг 16 шаҳрида “Бир Ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ҳаваскорлар ўртасида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди.
Самарқанд шаҳрида югуриш мусобақасига халқаро туризм марказида старт берилди. Унда 8 мингдан ортиқ ҳаваскор спортчи 4 километр масофага югурди.
Мусобақа якунига кўра, эркаклар ўртасидаги баҳсда биринчи ва учинчи ўринларни пастдарғомлик Комил Фозилов ҳамда Алишер Аҳматиллаев эгаллаган бўлса, иккинчи ўрин ТАТУ Самарқанд филиали талабаси Алишер Сапаровга насиб этди. Қизлар баҳсида биринчи, иккинчи ва учинчи ўринларни пастдарғомлик спортчилар Элноза Махмаочилова, Фарангиз Олимова ва Камола Абраева қўлга киритди. Шунингдек, мусоқабада ногиронлиги бўлган фуқаролар ўртасида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар ҳамда бир қатор номинациялар бўйича тақдирланди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
[gallery-13411]
Ғ. Ҳасанов,
А. Исроилов (сурат), ЎзА