Мамлакатимизнинг 15 та ҳудуди қатори Наманган шаҳрида ҳам Давлатимиз байроғи қабул қилинган кун муносабати билан “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остидаги “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди.
18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кун муносабати билан ташкил этилаётган марафон фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида мамлакат байроғига ҳурмат, ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдириш, қолаверса, соғлом турмуш тарзини тарғиб этишга қаратилган муҳим тадбирлардан биридир.
Марафон Наманган шаҳридаги темирйўл вокзали ёнидан старт олди. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган тўрт мингдан зиёд иштирокчилар – олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб умумтаълим ва спорт мактабларининг ўқувчилари, жамоат ташкилотлари вакиллари, маҳалла фаолларидан фахрийларгача Амир Темур кўчасидан “Уч фаввора” хиёбонигача бўлган уч километрлик масофа бўйлаб, ғолиблик ва саломатлик учун югуришди. Марафонни ташкил этишда вилоят ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси, вилоят спортни ривожлантириш бош бошқармаси, вилоят маданият бошқармаси мутасаддилари жонбозлик кўрсатди.
[gallery-9552]
– Оммавий югуриш мусобақалари саломатлик, турли қатламдаги аҳоли вакилларини бир мақсад атрофида жипслаштиришга қаратилган муҳим тадбирдир, – дейди Наманган вилояти спортни ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи Анваржон Тўйчиев. – Бугунги марафон бежизга “Янги нафас” деб номланмаган. Чунки, у кўплаб кишиларни соғлом турмуш тарзи билан ошно тутинишига катта руҳий қувват бағишлаши, аҳоли орасида саломатлик ғоясининг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилиши шубҳасиз.
–Ўзбекистон байроғи ҳар бир спортчи учун ғалабалар ва ютуқларининг тимсоли, ғурур ва шон-шараф, миллий бирдамлик рамзи ҳисобланади. Бу марафон унинг иштирокчиларини шу азиз Ватан равнақи йўлида бирдек дахлдорликка, она юртимизни севишга ундайди, – дейди Наманган шаҳридан Элмурод Бойдадаев. – Олдинлари ҳам марафонларни кўрганмиз, улар муайян бир шаҳар ёки туманларда ўтказиларди, уларнинг қамрови озчиликни ташкил этарди. Бугунги “Янги нафас” югуриш мусобақалари эса мутлақо янгича кўринишда, яъни юртимизнинг 15 ҳудудида бир вақтнинг ўзида ўтказилгани эътиборни тортди. Гарчи, марафонда жисмоний имкониятимиз чекланган бўлишига қарамай шижоат кўрсатишга уриниб кўрдим. Қувонарлиси, якунда ғолиблар сафидан ўрин олиш насиб қилди.
Халқаро енгил атлетика қонун-қоидаларига мувофиқ замонавий тамойиллар асосида ўтказилган марафон якунларига кўра, ғолиблар болалар, ёшлар, катталар, имконияти чекланган кишилар, ногиронлиги бўлганлар ҳамда кўриш ва эшитишда нуқсони бор кишилар ўртасида аниқланди. Спорт байрами якунида барча ғолиб ва совриндорлар пул мукофотлари ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Оммавий марафонда Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА