French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Yangi nafas” саломатлик лойиҳаси халқ ҳаракатига айланмоқда
17:06 / 2022-11-14

Юрт шаънини улуғлаш, унинг байроғини юксалтириш шу элнинг, халқнинг вакилиман деган ҳар бир инсоннинг эзгу орзуси.

Не тонгки, бундай бахт, сурурга ҳамма ҳам эриша олмайди. Аммо, Ўзбекистон Республикаси давлат байроғининг жаҳон майдонларида юксалиб турганини кўрганимизда қалбимиз ифтихорга тўладики, бу, мамлакатимизнинг, халқимизнинг жипслиги, ҳамжиҳатлиги тимсолидир.

18 ноябрь – Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинган кунга бағишлаб “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз” шиори остида мамлакатимизнинг 15 шаҳрида ташкил этилган “Yangi nafas” югуриш мусобақалари 50 минг нафардан ошиқ иштирокчиларни соғлом турмуш тарзи тамойиллари остида бирлаштирди.  

Айтиш лозимки, бундай кўринишдаги, яъни бир пайтда юртимизнинг 15 та шаҳрида ўтказилган оммавий спорт мусобақаси Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк бор Ўзбекистонда ташкил этилди.

Бу, юртимизда “Yangi nafas” саломатлик лойиҳаси ҳақиқий халқ ҳаракатига айланаётганлигини кўрсатди. Бугунгача ўтган ушбу тизимдаги мусобақаларда ҳаваскор югурувчилар билан профессионал спортчилар тенг баҳслашган бўлса, бу галги югуриш мусобақаларида адолатли рақобат шароитларини таъминлаш учун фақат профессионал бўлмаган спортчилар пойгаларда ўз кучлари ва кўникмаларини синаб кўришларига шароит яратилди. Шунингдек, имконияти чекланган югурувчилар учун алоҳида хавфсизлик дастури жорий қилинди.

[gallery-9572]

Енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзамуҳаммедовнинг таъкидлашича, кенг кўламли спорт тадбирини ташкил этиш учун мамлакат бўйлаб 300 дан ортиқ кўнгиллилар жалб қилинди ва ўқув-машғулотлари ўтказилди. 345 нафар мураббий ва ҳакамлар учун ушбу мусобақалар қайсидир маънода билим ва тажриба ошириш майдони бўлди.  

Бевосита мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, 3 километрга югуриш баҳсларида энг яхши натижа Чирчиқ шаҳридаги югуриш баҳсларида қайд этилди. Икки минг нафарга яқин иштирокчилар орасида ўтган баҳсларда Ойбек Усмонов белгиланган масофани 8:31 дақиқада босиб ўтиб, мусобақа рекордини ўрнатди. Ундан кейинги ўринни эгаллаган Носир Рустамжонов 8:37 ва Алимбек Соминов 8:42 дақиқада марра чизиғини босиб ўтди.

Ватанимиз тимсоли бўлган байроғимизни улуғлаш орқали аҳолини оммавий спорт тадбирларига жалб этишга хизмат қилган пойтахтимиздаги “Ҳумо Арена”, “Янги Ўзбекистон”, “Ашхобод” боғлари ҳудудларида ўтган оммавий югуриш мусобақаларида ҳам ғолиб ва совриндорлар, мусобақаларнинг энг яхши иштирокчилари аниқланиб, ташкилотчилар томонидан муносиб рағбатлантирилди.

Югуриш, саломатлик машғулотлари билан банд бўлиш эзгу амалларнинг ортишини, иш самарадорлиги яхшиланишига таъсир кўрсатади. Иши, ҳаракати самарали бўлганлар эса жамиятда, оддий ҳаёт тарзида муваффақиятларга йўл очувчи бўлади.  

“Yangi nafas” байрам тадбирининг яна бир аҳамиятли жиҳати, уни ўтказиш асносида шаҳарларимиздаги хиёбону кўчалар ўзгача тароватга, жилога чулғанди. Йўллар, йўлаклар, боғлар ободлик касб этди. Давлатимиз байроғи улуғланди. Бу, муҳими, оддий инсонлар, кундалик турмуш ташвиши билан умргузаронлик қилаётган аҳоли кўнглига, буюк орзулар оғушидаги ёшлар қалбига янги орзуларни жо этди.  

Тўлқин РЎЗИЕВ, ЎзА мухбири