Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик авжида
17:20 / 2023-03-09

Сурхондарё вилоятида жорий йилнинг 12 март куни “Наврўз” умумхалқ байрами муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб ўтказиладиган “Янги нафас” оммавий югуриш спорт мусобақасини юксак савияда ташкил этишга пухта ҳозирлик кўрилмоқда.

Шу куни эрта тонгда беллашув иштирокчилари Термиз шаҳридаги “Сурхон-Арена” спорт мажмуасидан “Болажон” боғигача бўлган 3 километр масофага югуради.  

Вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси, Термиз шаҳар ҳокимлиги, олий таълим муассасалари, касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши, Жанубий оператив қўмондонлиги, енгил атлетика федерацияси вилоят бўлими ва бошқа идоралар ҳамкорлигида ўтказиладиган беллашувда 5 минг 400 дан ортиқ иштирокчи қатнашиши кутилмоқда.  

–Халқимизнинг энг қадимий, энг суюкли байрамларидан бири Наврўзи олам арафасида ташкил этилаётган мусобақани байрамона руҳда ўтказиш учун тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди, – дейди вилоят ёшлар сиёсати ва спорт бош бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи А. Арабов. – Старт ва финиш чизиғи ҳудуди ҳамда кўчаларга югуриш мусобақаси акс этган баннерлар ўрнатилмоқда. Марофон ўтказиладиган трассада ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Қатнашчиларнинг йўл ҳаракати, жамоат тартиби ва ёнғин хавфсизлигини таъминлаш учун мусобақа бўлиб ўтадиган йўлларда вақтинча ҳаракатни тўхтатиб туриш белгиланди. Бунинг учун вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш ҳамда Миллий гвардия вилоят бошқармалари билан тегишли режа ишлаб чиқилди. Мусобақани бир вақтнинг ўзида жонли эфирда узатишга алоҳида эътибор қаратилаётир. Старт бериладиган ва финиш ҳудудларида санъаткорлар, шоир ва қизиқчиларнинг махсус дастурларини намойиш этиш мўлжалланмоқда.  

Ғолиб ва совриндорлар мусобақа ташкилотчиларининг диплом ва совғалари билан тақдирланади. Тадбир “Янги нафас” рақсли флеш-моб ва қизиқарли концерт дастури билан якунланади.  

Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ, ЎзА мухбири