Мамлакатимиз енгил атлетика федерациясида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимиз енгил атлетика федерацияси бош котиби Камолиддин Рўзимуҳаммедов жорий йилнинг 3 сентябрь куни юртимизнинг 16 та шаҳрида “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” ягона шиори остида Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 32 йиллигига бағишланган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасини ўтказиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтди.
[gallery-13072]
Жумладан, мамлакатимизнинг 16 та шаҳри ва Қорақалпоғистон Республикасида турли ёшдаги ҳаваскор ва профессионал спортчилар ҳамда соғлом турмуш тарзи ихлосмандлари “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ўтадиган “Янги нафас” югуриш мусобақасида қатнашади. Пойтахтимизда ўтадиган “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақасида 31 август кунига қадар Iticket.uz сайтида рўйхатдан ўтиш орқали иштирок этиш мумкинлиги таъкидланди.
Шунингдек, мусобақада 9 ёш ва ундан катта ёшдагилар 3 км масофа, 14 ва ундан катталар эса 10 км масофада ўз имкониятларини синовдан ўтказиши ва оммавий югуришга барча шаҳарларда соат 6:30 да ягона старт берилиши ҳақида хабар берилди.
Тошкент шаҳрида иштирок этиш нархи қуйидагича белгиланди:
–3 км масофа учун – 99 000 сўм ;
–10 км масофа учун – 149 000 сўм .
Иштирокчи тўплами қуйидагиларни ўз ичига олади:
–Футболка
–Кепка
–Иштирокчининг старт рақами
–Рақамни илиш учун тўғноғичлар :
Иштирокчиларга тўпламларини бериш Ўзбекистон енгил атлетика федерацияси томонидан 1-2-сентябрь кунлари соат 10:00 дан 19:00 га қадар амалга оширилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, Алимурод Мамадаминов(сурат)
ЎзА мухбири