Юртимизнинг 16 шаҳрида Мустақиллик байрамига бағишланган "Янги Нафас" оммавий югуриш марафони ўтказилди.
Адлия вазирлигининг “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳаси доирасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳам оммавий югуриш мусобақаларига жалб қилинди.
Уларнинг рўйхати Ўзбекистон ногиронлар, Кўзи ожизлар ва Карлар жамиятлари томонидан тақдим этилган номзодлар ҳисобига шакллантирилди.
Марафонда кўришда, эшитишда нуқсони бор ҳамда бошқа турдаги жисмонан имконияти чекланган шахслар учун жами уч турдаги номинация бўйича ғолиблар тақдирланди.
Марафоннинг бошқа иштирокчилари ўртача 50 - 150 минг сўмгача бадал тўлаб унда иштирок этаётган бўлса, имконияти чекланганлар эса бепул иштирок этди.
Айтиб ўтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 13 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштиришга доир ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолиятини ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, уларнинг давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорлигини ташкил қилишга кўмаклашиш вазирликнинг асосий вазифаларидан ҳисобланади.

Шунга кўра, вазирлик Ўзбекистон ногиронлар жамияти билан ҳамкорликда ногиронлиги бўлган шахсларни бирлаштириш ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича 2018 йилдан бошлаб “Биз биргамиз!” ижтимоий лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.
Лойиҳа доирасида вазирлик томонидан кўплаб йирик ижтимоий тадбирлар ўтказилди.
Н.Абдураимова, ЎзА