Мамлакатимизнинг 16 та ҳудуди, шу жумладан Наманган шаҳрида ҳам Ватанимиз мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан “Бир ватанда, бир вақтда, бир масофага, бир мақсадда – бирга югурамиз!” шиори остида ҳаваскорлар ўртасида “Янги нафас” оммавий югуриш мусобақаси ўтказилди.
Таъкидлаш жоизки, юртимизда анъанавий равишда уюштириб келинаётган оммавий югуриш марофони фуқаролар, айниқса, ёшлар қалбида ватанпарварлик туйғуларини янада жўш урдириш, қолаверса, соғлом турмуш тарзи кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга.
Жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштиришга қаратилган, аҳолининг барча қатламлари учун мўлжалланган янгича форматдаги мазкур мусобақа эрта тонг соат 06:30да Наманган шаҳридаги темирйўл вокзали ёнидан старт олди.
Марафонда 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган беш мингдан зиёд иштирокчилар - олий ўқув юртлари талабаларидан тортиб умумтаълим ва спорт мактабларининг ўқувчилари, ташкилотлар ишчи-ходимлари, маҳалла фаолларидан фахрийларгача Амир Темур кўчасидан “Уч фаввора” хиёбонигача бўлган уч километрлик масофа бўйлаб, ғолиблик ҳамда саломатлик учун югурдилар.
Иштирокчилар орасида етти ёшдан етмиш ёшгача бўлган югуриш ихлосмандлари, ҳатто, ногиронлиги мавжуд фуқаролар ҳам бор. Биргина, паралимпия спорт турларига ихлосманд 82 нафар жисмоний имконияти чекланган ҳаваскор спортчи ҳам зўр иштиёқ билан билан қатнашди. Белгиланган масофани босиб ўтишга интилаётган спортсеварларнинг ғалабага бўлган иштиёқи ва тезкорлик, чаққонлик бобида ўзига хос маҳоратга эга эканлиги намоён бўлди. Наманган вилояти ҳокимлиги, ёшлар сиёсати ва спорт бошқармаси, енгил атлетика федерацияси, вилоят маданият бошқармаси томонидан олиб борилган пухта тайёргарлик ишлари беллашувни юқори савияда ўтишини таъминлади.
– Оммавий югуриш мусобақалари саломатлик, турли қатламдаги аҳоли вакилларини бир мақсад атрофида жипслаштиришга қаратилган муҳим тадбирдир, – деди марофон аввалида сўз олган Наманган вилояти ҳокимининг ўринбосари Ғуломжон Муродхўжаев. – Бугунги тадбир бежизга “Янги нафас”, деб номланмаган. Чунки, у кўплаб кишиларни соғлом турмуш тарзи билан ошно тутинишига катта руҳий қувват бағишлаши, аҳоли орасида саломатлик ғоясининг янада кенг қулоч ёйишига хизмат қилиши шубҳасиз.
– Яқиндагина нафақага чиқдим, лекин кексаликни бўйинга олгим келмайди. Спорт, айниқса югуриш билан мунтазам шуғулланганим, кўпроқ пиёда юришни одат қилганим сабабли ўзимни навқирон ёшлардек тетик ҳис этаман, – дейди қатнашчиларидан бири, газ соҳаси фахрийси Собитхон Муродов. - Илгарилари ҳам бундай тадбирларни кўрганмиз, улар муайян бир шаҳар ёки туманларда ўтказиларди, уларнинг қамрови озчиликни ташкил этарди. “Янги нафас” югуриш мусобақаси эса мутлақо янгича кўринишда, яъни юртимизнинг йигирмага яқин шаҳрида бир вақтнинг ўзида ўтказилгани эътиборимни тортди.
Халқаро енгил атлетика қонун-қоидаларига мувофиқ замонавий тамойилларда амалга оширилган мусобақада ғолиблар болалар, ёшлар, катталар, имконияти чекланган кишилар, ногиронлиги бўлганлар ҳамда кўриш ва эшитишда нуқсони бор кишилар ўртасида аниқланди.
"Янги нафас"нинг якуний натижаларига кўра, ўғил болалар ўртасида Дилмурод Хўжамов, қизлар ўртасида Мафтуна Аҳмедова, имконияти чекланган иштирокчилар ўртасида Ибодулла Ҳайдаров зафар қучдилар. Шунингдек, мусобақада "энг ёши катта иштирокчиси" – Мақсуджон Устабоев, "энг ёш иштирокчи" – Умиджон Йўлдошев, "энг фаол иштирокчи" – Олимжон Нозимов муносиб кўрилди.
Спорт байрами якунида барча ғолиб ва совриндорлар муносиб тақдирланди.
Оқилхон Дадабоев,
Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА