Сурхондарё вилояти Шўрчи туманининг Ободон маҳалласида жойлашган 10-давлат мактабгача таълим ташкилотининг замонавий усулда бунёд этилган янги биноси фойдаланишга топширилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тадбирда кейинги йилларда мамлакатимизда келажагимиз эгалари бўлган болажонларни баркамол қилиб тарбиялаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг устувор йўналишига айлангани алоҳида таъкидланди.

– Бугунги замон болаларига ҳавасим келади, – дейди маҳалла фаоли Холбиби Эргашева. – Уларнинг бор имкониятлардан фойдаланиб улғайиши, таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар, имкониятлар яратиб бериляпти. Болалар боғчасига бир қаранг: қандай кўркам, қандай шинам. Ичидаги жиҳозларию, ўқув қуролларини айтмаса ҳам бўлади. Кенг, ёруғ хоналар, болаларбоп мебель жиҳозлари, ранг-баранг ўйинчоқлар билан таъминланган. Ҳатто, болажонлар учун ёзги ўйин майдони барпо этилган. Буларнинг барчаси келажак авлоднинг таълим-тарбияси учун эканлиги жуда қувонарли.

Очилиш маросимидан сўнг, тадбир иштирокчилари муассасада тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар билан танишди.

"Ободон" маҳалласида қурилиб, фойдаланишга топширилган 120 ўринга мўлжалланган мазкур мактабгача таълим ташкилоти 3 миллиард 287 миллион сўм маблағи эвазига бунёд этилди.
Нигина Шоева, журналист