Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Мўйноқ” китоб-альбомининг тақдимоти ўтказилди
15:07 / 2023-08-21

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда “Маърифат” тарғиботчилар жамияти ҳамкорлигида “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимоти бўлиб ўтди.

Ушбу тақдимотдан кўзланган мақсад кейинги йилларда юртимизнинг энг чекка ҳудудларидан бўлган Мўйноқ туманида юз берган тарихий ўзгаришлар ва бунёдкорлик ишлари, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ислоҳотлар нафаси, янгиланиш жараёнлари мазмун-моҳиятини холис ва таъсирчан тарзда етказиш, ёш авлодни янада фаол ва ташаббускор бўлишига ундашдан иборатдир.  

Тадбирда қайд этилганидек, бугун юртимизнинг ҳар бир гўшасида, жумладан, Мўйноқ туманида ҳам амалга оширилган ишларнинг кўлами, мазмун-моҳияти ўн йилликлар салмоғига тенгдир.  “Қатрада қуёш акс этади” деганларидек, барча соҳада ривожланишнинг кенг йўлларига чиқиб бораётган Янги Мўйноқ аҳолисининг бугунги ҳаёти, тақдири бош тамойил бўлган “Ҳамма нарса инсон ва унинг манфаатлари учун” деган шиорда ўз ифодасини топмоқда.  

“Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган шиор асосида нишонланаётган мустақиллигимизнинг 32 йиллик тантаналари арафасида ўтказилаётган бугунги тадбир ҳам Янги Ўзбекистонда кундалик ҳақиқатга айланиб бораётган янги ҳаёт одимлари билан боғлиқ.  

Тадбир доирасида “Янги Мўйноқ” китоб-альбоми тақдимотига оид мусиқий композиция намойиши ўтказилди.  

Шунингдек, тақдимот тадбирида “Янги Мўйноқ” китоб-альбомида акс этган Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этиш борасида амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларнинг мақсади, мазмун-моҳияти ҳамда устувор йўналишлари хусусида батафсил сўз юритилди.    

Тадбирда иштирок этган бир гуруҳ олимлар, шоир ва ёзувчилар томонидан “Янги Мўйноқ” китоб-альбомида бугун айнан мамлакатимиз тараққиёти ва жамиятимизда юз бераётган ўзгаришлар акс этгани тўғрисида фикрлар билдирилди.  

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси, хусусан, Мўйноққа қилган ҳар бир ташрифи ҳудуд ҳаётида янги-янги ўзгаришларга сабаб бўлаётир. Бунинг натижасида илгари мисли кўрилмаган эзгу ишлар амалга оширилмоқда.  

Юртимизнинг бир парчаси бўлган ушбу туманда амфитеатр ва Давлат хизматлари маркази қурилди. Маданият маркази ва стадион, турар-жой бинолари, оилавий поликлиникалар, мактаблар, боғчалар, замонавий кутубхоналар, музейлар, мусиқа ва спорт мактаблари барча зарурий жиҳозлар билан таъминланиб, аҳолига хизмат қилмоқда. Улуғ аждодлар мангу қўним топган жойлар қайта таъмирланди, обод қилинди, халқнинг севимли зиёратгоҳларига айланди. Бугунги кунда Мўйноқ тумани кичкинтойларининг қарийб 90 фоизи боғчаларда таълим-тарбия олмоқда.  

Хулоса ўрнида айтиш керакки, “Янги Мўйноқ” китоб-альбомида нафақат Мўйноқ тумани, балки бутун мамлакатимизнинг ижтимоий давлат сифатидаги янгича конституциявий мақоми, маърифатли жамият барпо этиш йўлидаги самарали саъй-ҳаракатлари ўз ифодасини топган. Китоб-альбомда акс этган янгиланиш суръатлари, эзгу ғоя ва ташаббуслар бунинг амалий исботидир.  

Н.Усмонова, ЎзА