Олмалиқ кон-металлургия комбинати фаолиятининг асосий устувор йўналишларидан бири, бугунги кунда операцион самарадорликни ошириш бўлиб, корхонанинг иқтисодий барқарорлигини таъминлаш, ресурслардан самарали фойдаланиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини такомиллаштириш орқали ривожланишни кафолатлайди.
Муҳими, бу жараён маҳсулот таннархини пасайтириш, энергия ва хомашё тежамкорлигини ошириш, шунингдек, технологик ва ташкилий самарадорликни яхшилаш орқали комбинатнинг дунё бозоридаги позициясини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Ушбу йўналишда комбинатда янги механизм жорий этилди.
– Ходимлар, кон ишлари, бойитиш, металлургия, энергетика, механика, транспорт, қурилиш, рақамлаштириш, ёқилғи-энергия ва хомашё сарфини камайтириш, меҳнат унумдорлигини ошириш, чиқиндиларни қайта ишлаш каби асосий йўналишлар бўйича таклифларни тақдим этишлари мумкин бўлади. Янги механизмнинг бошқа ўхшаш механизмлардан афзаллиги, муаллиф учун таклифни ишлаб чиқишда максимал енгилликлар яратиш ҳамда таклифни татбиқ этишда иштирок этган барча ходимларни рағбатлантиришдан иборат, – дейди ОКМК Трансформация, ЭСГ ва халқаро рейтинглар лойиҳа офисининг стратегия ва операцион самарадорликни ошириш бўлими бошлиғи Бобур Сиддиқжонов.

Жараённинг қандай ишлаши кўпчиликни қизиқтиради. Хусусан, операцион самарадорликни ошириш таклифларини тақдим этиш, кўриб чиқиш ва амалга ошириш тўрт босқичдан иборат. Таклифларни ишлаб чиқиш (1-босқич): комбинат ходимлари ўз таклифларини махсус платформа орқали расмийлаштиради. Таркибий бўлинмада тузилган ишчи гуруҳ таклифларни кўриб чиқади, саралаб, лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш гуруҳини тайинлайди. Лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш (2-босқич): лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаш гуруҳи техник-иқтисодий ҳисоб-китоблар, режа, муддатлар, хавфлар таҳлили ва пилот лойиҳа режасини тайёрлайди.
Операцион самарадорликни бошқариш ва мувофиқлаштириш қўмитаси ҳужжатларни кўриб чиқади ва кейинги босқичга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Пилот лойиҳаларни амалга ошириш (3-босқич): зарур ҳолларда, пилот (тажриба-синов) лойиҳаси режа бўйича амалга оширилади, ҳисобот тайёрланади ва Қўмита кейинги босқичга ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Лойиҳаларни амалга ошириш (4-босқич): асосий лойиҳа режа бўйича амалга оширилади, мониторинг қилинади ва мукофотлар тақсимланади.

Рағбатлантириш эса таклиф амалга оширилгандан сўнг йиллик келтирган фойдадан 10 фоизгача умумий рағбатлантириш миқдори аниқланади. Умумий рағбатлантириш маблағларининг 60 фоизи лойиҳа бўйича таклиф муаллифига, 40 фоизи қолган иштирокчиларга тақсимланади.
А.Мусаев, ЎзА.