Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги мавсумга тайёргарлик ишлари назоратда
19:19 / 2026-01-17

Тошкент вилоятида ҳафтанинг ҳар шанбаси “Фермерлар куни” сифатида қишлоқ хўжалиги масалаларини муҳокама қилиш белгиланган.

Шу муносабат билан вилоят ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигида туман ҳокимлари, тегишли идора ва ташкилотлар раҳбарлари, кластерлар ҳамда барча йўналишдаги фермер хўжаликлари раислари иштирокида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. 

Унда 2026 йил қишлоқ хўжалиги мавсумига тайёргарлик масалалари, хусусан, ғалла ва пахта экинларини парваришлаш, замонавий ва сув тежовчи технологияларни жорий этиш, баҳорги дала ишларида иштирок этадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш, янги техникалар хариди, шунингдек, суғориш мавсумига қадар ички ариқларни бетонлаш масалалари кун тартибидан ўрин олди. 

Мулоқот аввалида, 2026 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларининг ҳолати ва уларни парваришлаш ишлари танқидий кўриб чиқилди. Таҳлиллар натижасида вилоят бўйича ғалла майдонларининг маълум қисми ривождан орқада қолаётгани, агротехник тадбирлар ўз вақтида бажарилмаётгани айтилди. Шу билан бирга, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ғўзапоядан тозалаш ҳамда сув тежовчи технологияларни жорий этиш ишларида жиддий камчиликлар мавжудлиги қайд этилди. Масъул идоралар ва туман раҳбарларига ғалла ҳосилдорлигини ошириш, белгиланган топшириқлар ижросини назоратга олиш юзасидан аниқ вазифалар юклатилди. 

Йиғилишда 2026 йил пахта ҳосили учун чигит экиш ишларига тайёргарлик, жумладан, Шинжон технологиялари, томчилатиб суғориш ва плёнка остига экишни кенг жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Ҳар бир туманда пахта майдонларини фермерлар билан келишган ҳолда аниқ белгилаш, зарур техникалар, уруғ, плёнка ва томчилатиб суғориш ускуналари захирасини яратиш бўйича вазифалар белгиланди. 

Баҳорги дала ишларида қатнашадиган қишлоқ хўжалиги техникаларини марказлашган ҳолда таъмирлаш ишлари кўриб чиқилди. Техникаларни таъмирлаш ишлари суст кечаётган ҳудудлар танқид қилиниб, барча техникаларни белгиланган масканларга жамлаш, қисқа муддатларда таъмирдан чиқариш ҳамда бу жараёнга қатъий назорат ўрнатиш бўйича топшириқлар берилди. Бу йил суғориш мавсумигача фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг ички ариқларини бетонлаш ишлари муҳокама қилинди. Амалдаги ишлар режага нисбатан қониқарсиз экани қайд этилди. Ҳар бир туманда кунлик назорат ўрнатиш, жойларда амалий семинарлар ташкил этиш ва мониторинг гуруҳлари фаолиятини кучайтириш вазифаси қўйилди. 

А.Мусаев, ЎзА.