Янгиариқ туманидаги Остона қишлоғида жойлашган Шайх Мухтор Валий қадамжоси нафақат хоразмлик, балки бутун юртдошларимизнинг табаррук зиёратгоҳларидан биридир.
Шайх Мухтор Валийнинг аниқ биографияси ҳамма манбаларда бир хил эмас, аммо у XIV асрда Хоразмда диний таълим тарқатиб, қадимий маънавий маконда халқ орасида машҳур суфий уламо ва валий шахс ҳисобланган.
Маълумотларга кўра, Шайх Мухтор Валий мақбарасининг охирги таъмири 2008 йилда амалга оширилган.
[gallery-26057]
— Президентимизнинг туризмни ривожлантириш, муқаддас қадамжоларни обод қилиш борасидаги ташаббуслари билан 2024 йилда мазкур мақбарада қайта реконструкция ишлари бошлаб юборилган эди, — дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вилоят вакили, Хоразм вилояти бош имом-хатиби Хайрулла Абдуллаев. —Жами 11 миллиард сўм маблағ эвазига зиёратгоҳда қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди. Натижада маҳаллий ва хорижий давлатлардан ташриф буюрувчи сайёҳларнинг сони қарийб 3 бараварга ошди.
Зиёратгоҳда ўтказилган тантанали тадбирда янги қурилган масжид фойдаланишга топширилиб, уни бунёд этган қурувчиларга миннатдорчилик билдирилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги мутасаддилари, имом хатиблар, ташкилот раҳбарлари ҳамда нуронийлар иштирок этди. Юртимизга тинчлик, барқарорлик тилаб дуога қўл очилди.
Бу каби тадбирлар юртимизда буюк тарихимиз ва аждодларимизга бўлган юксак эътиборнинг намунаси ўлароқ ҳудудларда зиёрат туризмининг ривожланишига ҳам хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари