Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги масканлар ишга тушди
13:15 / 2023-12-09

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни муносабати билан Наманган вилоятида янгидан барпо этилган, тубдан қайта таъмирланган бир қатор объектлар фойдаланишга топширилди.

Наманган шаҳрининг Маърифат  маҳалласида барча шароитга эга бўлган замонавий 400 ўринли 30-сонли мактабгача таълим ташкилоти болажонларга ўз бағрини очди. Ушбу маскан 6 миллиард 400 миллион сўм маблағ эвазига бунёд этилди.

Тантанали маросимда сўз олганлар юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, янги лойиҳалар асосида барча соҳаларни ривожлантиришга ғамхўрлик кўрсатилаётгани ҳақида тўхталди. Бугун болажонларимиз учун муносиб туҳфа бўлган бинода эртамиз эгалари чуқур тарбия олиши, юрт тараққиётига ҳисса қўшадиган баркамол авлодлар етишиб чиқишига тилак билдирилди.

Янги Наманган тумани прокуратураси ходимларига  Бош қомусимизнинг 31 йиллигида маъмурий бино туҳфа қилинди. Туманнинг Оромгоҳ маҳалласи ҳудудидаги ҳокимлик биноси ёнгинасида барпо этилган янги идора қисқа фурсатларда барпо этилди. Бунинг учун 6 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Маъмурий идора ҳовлисига манзарали кўчатлар экилди.

Сўнгги йилларда юртимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий манфаатларини ҳимоя қилиш ва кафолатларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Бунинг самарасида Косонсой туманидаги "Намуна" кичик саноат зонасида "Косонсой томат пастаси" масъулияти чекланган жамияти томонидан лойиҳа қиймати 20 миллиард сўм бўлган томат пастаси ишлаб чиқариш ва корхонаси ўз фаолиятини бошлади.

Эътиборлиси шундаки, янги корхонада 30 та иш янги иш ўрни яратилди. Корхонада йилига 500 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиш режалаштирилган.

Таъкидлаш керакки, аҳоли муаммоларига ечим топиш, уларнинг оғирини енгил қилиш, ҳаётдан рози бўлиб яшашига ҳисса қўшишда маҳалла институтининг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Шу боисдан ҳам ҳудудларда маҳалланинг жамиятдаги нуфузини ошириш диққат марказида.

Наманган туманидаги “Катта Тошбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғини биноси ҳам ушбу хайрли мақсадни амалга ошириш йўлида фойдаланишга топширилди.  

“Кучли еттилик”ни ташкил этувчи МФЙ ходимларига янада қулайликлар яратиш мақсадида янги гўшада маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, профилактика инспектори учун алоҳида хоналар ажратилиб, уларнинг ҳар бири замонавий моддий-техника воситалари ва мебель жиҳозлари билан таъминланди.

Тўрақўрғон туманида 408 нафар ўқувчи ўрнига эга бўлган ихтисослаштирилган мактаб   фойдаланишга топширилди. Янги замонавий таълим маскани қурилиши учун 7 миллиард 800 миллион сўмдан ортиқ маблағ сарфланди.  

Йиғилганлар ўқув муассасасидаги шароитлар билан яқиндан танишди. Кенг ва ёруғ хоналар, замонавий жиҳозлар ҳамда қурилмалар ўқувчиларнинг кучли  билим- тафаккурга эга фарзандлар бўлиб етишишига хизмат қилади.

Косонсой туманининг олис ҳудудларидан бири бўлган Ўзбекистон маҳалласининг Янги шаҳар кўчасида жойлашган 51-сонли умумтаълим мактаби биноси ва унинг жиҳозлари эскиргани, қолаверса, ўқувчилар сони кўпайгани туфайли ўринлар етишмаслиги таълим сифатига салбий таъсир кўрсатаётганди.

Ниҳоят, муаммолар ўз ечимини топди. Конституция куни арафасида инвестиция дастури асосида ажратилган 3 миллиард 586 миллион сўм маблағ эвазига 180 ўринли янги, замонавий мактаб қад ростлади. Бунинг натижасида 136 ўқувчига ўз маҳалласидаги янги мактабда таълим олиш имкони яратилди.

Давлатобод туманидаги замонавий қиёфага кирган болалар боғчалари сони яна биттага ортди. Кўп миллатли аҳоли истиқомат қилувчи Халқлар дўстлиги маҳалласида жойлашган 29-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси кўркамлашди.

Мазкур боғчада инвестиция дастури доирасида 3,5 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ҳар бир гуруҳ хоналари замонавий жиҳозланиб, сифатли таълим учун барча шароит яратилди.

Норин туманининг Марғизор  маҳалласида “Onko Sito” масъулияти чекланган жамиятига қарашли хусусий шифохона фойдаланишга топширилди.

Маҳаллий тадбиркор томонидан умумий қиймати 5 миллиард сўм, шундан 1 миллиард сўм банк кредити ҳисобидан амалга оширилган ушбу лойиҳа самарасида 30 киши доимий иш ўрни билан таъминланди. Эндиликда маҳаллада давлат соғлиқни сақлаш муассасаси билан бир қаторда хусусий шифохона томонидан ҳам аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатилади.

Конституция кунида фуқароларга муносиб совға бўлган мазкур даво маскани  халқимизга  намунали  хизмат кўрсатишига  ишонч  билдирилди.

Янги объектларнинг тантанали очилиш маросимларида Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов иштирок этди.

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА мухбири