Яқинда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ўтказилган халқаро форум шундай номланди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) вакиллари ҳам иштирок этди.
Форумда демографик жараёнлар, демографик дивиденддан самарали фойдаланиш имкониятлари, ёшлар сиёсатидаги устувор йўналишлар ва сифатли таълимга бўлган эҳтиёжлар атрофлича муҳокама қилинди.
МҲТИ лойиҳа раҳбари Муҳаббат Аҳмедова ўз маърузасида Ўзбекистондаги демографик ўзгаришларнинг асосий тенденциялари ва уларнинг ижтимоий инфратузилмага таъсири ҳақида тўхталиб ўтди.
– Юртимизда аҳоли сонининг барқарор ўсиши таълим, соғлиқни сақлаш ва уй-жой инфратузилмасига таъсир кўрсатади. Бизнинг асосий вазифамиз эса ушбу муаммони ечиш ва демографик ўсишни ижобий имкониятга айлантиришдир. 2024 йилда мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 76 фоизга етди. Аёлларнинг олий таълимдаги иштироки 52,4 фоизни ташкил этмоқда. Бу кўрсаткичлар мамлакатда инсон капиталини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар самарасидир. Шунингдек, аёлларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаш, уларнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётдаги иштирокини кенгайтириш демографик сиёсатнинг энг муҳим соҳаларидан бири бўлиб қолмоқда, – деди М.Аҳмедова.
Форумда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан келган экспертлар бир қатор таклиф ва тавсияларни илгари сурди. Жумладан, Марказий Осиё миқёсида сифатли статистика ва узоқ муддатли демографик прогнозлар тайёрлайдиган ягона тадқиқотлар марказини ташкил этиш зарурлиги қайд этилди. Шу билан бирга, демографик омилларни уй-жой сиёсати, таълим, соғлиқни сақлаш ва инфратузилма соҳаларига тизимли равишда интеграция қилиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Форум якунида қайд этилганидек, меҳнат бозори ва таълим соҳасида ўзаро тан олиниш механизмларини яратиш, шунингдек, мамлакатлар ўртасида ишга жойлашиш ва таълим олиш жараёнларини соддалаштириш зарур. Шу билан бирга, инсон капиталига қаратилган инвестицияларни кўпайтириш, ёшлар бандлигини мустаҳкамлаш ва аёлларнинг иқтисодий фаоллигини кенгайтириш демографик сиёсатнинг асосий устувор йўналишларидан биридир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА