Марказий Осиё азалдан турли маданиятлар, давлатчилик анъаналари чорраҳаси сифатида шаклланган ўзига хос цивилизацион ҳудуддир. Минтақа жаҳон тарихида қадимий савдо-йўлларининг “юраги”, илм-фан ва маърифат марказлари жамулжам макон сифатида муҳим ўрин тутган.
Шу билан бирга XX асрдаги геосиёсий ўзгаришлар ва замонавий давлатчилик моделлари юзага келиши натижасида минтақанинг ягона цивилизацион макон сифатидаги тасаввури маълум даражада орқада қолаётган эди. Сўнгги ўн йилликдаги минтақа давлатларининг сиёсий яқинлашуви, маданий интеграция жараёни ва умумий тарихий меросни қайта кашф этиш тенденцияси эса бу мафкуравий бирликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири яқинда пойтахтимизда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари VII Маслаҳат учрашуви якуни, минтақа мамлакатлари муносабатларининг замонавий ҳолати, истиқболи ҳамда аҳамияти хусусида Марказий Осиё ва Озарбайжон экспертлари фикрларини ёзиб олди.
Алламурод Арчаев, Туркманистон телевидение, радиоэшиттириш ва кинематография давлат қўмитаси халқаро алоқалар бўлими бошлиғи:
– Аввало қайд этиш жоиз, Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлиги кейинги йилларда янги стратегик мазмун билан бойиб бормоқда. Мамлакатлар ўртасида минтақавий хавфсизлик, иқтисодий интеграция, энергетика, транспорт ва логистика, сув ва энергетика ресурсларини бошқариш каби соҳаларда ривожланиш учун янги имкониятлар пайдо бўлди. Ҳозир бирлашиш ҳақидаги ғоя шунчаки расмиятчилик эмас, балки қўшма минтақавий платформалар орқали ҳамкорликни чуқурлаштириш шаклида намоён бўлмоқда.
2016 йилдан буён минтақада очиқ дипломатик сиёсат олиб бораётган Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатни ривожлантирувчи етакчи куч сифатида майдонга чиқди, дейиш мумкин. Бошқача айтганда, юртингиз ўзаро товар айирбошлаш, чегара масалалари, транспорт йўлакларини ривожлантириш каби соҳаларда фаол ташаббус кўрсатиб, минтақавий интеграция драйверига айланди.
“Бетарафлик” сиёсатини сақлаб қолган ҳолда минтақавий ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор Туркманистон ҳам энергетика ва транспорт тизимининг муҳим воситаси сифатида транзит газ ва электр энергияси лойиҳаларида алоҳида ўрин эгаллайди. Шунингдек, ўлкамиз Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари Маслаҳат учрашувларида ҳам минтақавий мулоқотга муносиб ҳисса қўшмоқда.
Умуман, Марказий Осиёнинг бирлашуви ҳозир иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни чуқурлаштириш асносида кечмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон фаол ташаббуслари билан, Туркманистон эса бетарафлиги, энергетика ва логистика имконияти билан муҳим ўрин тутади. Хуллас, минтақада ҳамкорликни ривожлантириш нафақат мамлакатларимиз манфаатига хизмат қилади, балки бутун Марказий Осиёнинг барқарорлиги ва ривожланиш имкониятини мустаҳкамлайди.
Олмос Тожибой, сиёсатшунос (Қирғиз Республикаси):
– Шиддат билан ўзгараётган глобал воқеалар асносида дунёнинг барча ҳудудлари ривожланишнинг муқобил йўлларини изламоқда ва Марказий Осиё ҳам бу жараёндан холи эмас. Кўп йил давомида минтақа асосан фақат бир йўналиш бўйлаб интеграциялашган. Сўнгги йилларда эса минтақа давлатлари кўп векторли сиёсатни афзал кўра бошлади. Айтиш мумкинки, сўнгги беш йилда Марказий Осиёнинг сиёсий бирдамлиги яққол намоён бўлди.
Минтақанинг транзит ва логистика аҳамияти ортиб бораётгани янги боғловчи чизмалар яратилишини тақозо этади. Хитой иқтисодий экспансияси фонида Европага олиб борадиган энг қисқа йўналишлар долзарб аҳамият касб этмоқда. Муҳим стратегик лойиҳа – Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўлининг мантиқий давоми сифатида айни йўналиш Озарбайжон орқали ўтади.
Бунда Зангезур йўлаги алоҳида аҳамиятга эга. Жорий йил Арманистон ва Озарбайжон ўртасида темир йўлни тиклаш бўйича эришилган келишув минтақавий тинчлик ва иқтисодий ҳамкорлик нуқтаи назаридан бурилиш нуқтаси бўлди, дейиш мумкин.
Озарбайжоннинг Марказий Осиё маслаҳат форматига қўшилиши минтақа учун стратегик муҳим ва ўзаро манфаатли қадамдир. Бу жараён нафақат сиёсий интеграция, балки геоиқтисодий воқелик янги босқичга ўтиши кўрсаткичидир. Шу билан бирга Боку Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни нафақат энергия ва ресурс йўналишлари, балки сиёсий қўллаб-қувватлаш нуқтаи назаридан ҳам устувор вазифа, деб билади.
Айниқса, бугунги кунда Жанубий Кавказда тинчлик ўрнатиш, минтақани ташқи аралашувдан ҳимоя қилиш, узоқ муддатли ҳамкорлик механизмини йўлга қўйишда Марказий Осиё давлатларининг қўллаб-қувватлови жуда муҳим. Хуллас, Озарбайжон ва Марказий Осиёни боғловчи янги формат геосиёсий ҳақиқатга айланмоқда.
Маъруфжон Оқилов, Тожикистоннинг “Душанбе ТВ” телеканали директори:
Яқинда Тошкентда ўтказилган Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари VII Маслаҳат учрашуви минтақа тарихида навбатдаги муҳим босқич бўлди. Бу саммит нафақат ҳамкорликнинг амалий йўналишларини белгилаб берди, балки минтақада умумий истиқболга оид янгича сиёсий фикрлашни шакллантиришга ҳам хизмат қилди, дейиш мумкин.
Анжуманда қабул қилинган қарорлар, илгари сурилган таклифлар Марказий Осиёни барқарор ривожлантириш, иқтисодий интеграцияни чуқурлаштириш, транспорт-коммуникация йўлакларини ривожлантириш, сув-энергетика ресурсларидан оқилона фойдаланиш каби стратегик йўналишларда янги имкониятлар очди.
Жаҳон миқёсида кузатилаётган беқарорлик, геосиёсий зиддият ва глобал хавф-хатарлар фонида Марказий Осиё мамлакатлари бирлашиб ҳаракатланиши стратегик аҳамиятга эга. Қолаверса, минтақа геосиёсий рақобат майдонидан чиқиб, умумий манфаат платформасига айланиб бораётгани ҳам муҳим ўзгариш.
Ҳозир “Янги Марказий Осиё” дея таърифланадиган тушунча шаклланмоқда. Минтақамиз нафақат ташқи шароитга мослашиш, балки ташаббуслар илгари суриш орқали ҳам ўз стратегик кун тартибини шакллантириш имкониятини намойиш этмоқда.
Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказилган биринчи Маслаҳат учрашуви ҳам аҳамиятли. Етти йилдан буён олтита саммит ўтказилиб, яқинда Тошкентда бўлиб ўтган йиғин ҳамкорликнинг янги босқичини белгилаб берди.
Дипломатик экспримент сифатида бошланган лойиҳа аста-секин минтақавий мувофиқлаштиришнинг тан олинган механизмига айланиб, иқтисодиёт, энергетика, экология ва хавфсизлик соҳаларида иштирок этиш учун стратегик асос яратмоқда.
Айни жараёнда минтақавий дипломатиянинг ташқи қамрови ҳам тобора кучаймоқда. Бунда Марказий Осиё давлатлари АҚШ билан мулоқот олиб борадиган C5+1 формати алоҳида аҳамиятга эга. Мазкур саммит 2023 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда Қўшма Штатлар етакчиси Жо Байден бошчилигида бўлиб ўтганди. Энди Дональд Трампнинг иккинчи президентлик муддати даврида ушбу платформани янада кенгайтириш имконияти мавжуд.
Фикримча, кейинги саммитни Вашингтон ёки Нью-Йоркда эмас, балки Марказий Осиё пойтахтларидан бирида ўтказиш мантиқий қадам бўлади. Бундай ҳаракат нафақат формат мақомини кўтаради, балки минтақанинг халқаро муносабатлар архитектурасида ўсиб бораётганини тасдиқлайди.
Оқилиддин Алимов, ТДШУ Шарқ мамлакатлари ривожини тадқиқ этиш илмий-таҳлил маркази директори:
– Марказий Осиё давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви формати 2017 йил Ўзбекистон ташаббуси билан йўлга қўйилган бўлиб, қисқа вақт ичида минтақавий сиёсий динамикани ўзгартириб, ҳозирги кунда Марказий Осиёнинг энг самарали дипломатик платформасига айланди.
Аввалги учрашувларда белгиланган вазифалар амалиётда аниқ натижа бермоқда. Чегаралар очилиши, чекка ҳудудлар алоқлари енгиллашиши, ID-карталар орқали рухсатсиз ўтиш имконияти кенгайиши фуқаролар ҳаётида ҳақиқий қулайлик яратди ва минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ритмини тубдан ўзгартирди.
Савдо ҳажми икки, ўзаро инвестиция беш ярим баробар ошиши, давлатлар ўртасидаги саноат ва энергетика кооперацияси кучайиши интеграция жараёни изчил ва мақсадли сиёсат натижаси эканини кўрсатмоқда. Бу рақамлар ортида минглаб янги иш ўринлари, арзон ва рақобатбардош маҳсулотлар, модернизацияланаётган ишлаб чиқариш инфраструктураси каби аниқ иқтисодий натижалар ётади.
Энергетика ва сув ресурслари масаласидаги ўзаро яқинлашув эса минтақанинг стратегик барқарорлиги учун ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Қамбарота ГЭСи, Зарафшон дарёси бўйлаб гидроэнергетика лойиҳалари, Амударё ҳавзасидаги ресурсларни биргаликда бошқаришга доир механизмлар – барчаси минтақанинг узоқ муддатли энергетика хавфсизлигини таъминлашга қаратилган.
Халқаро таҳлилларга кўра, 2030 йилларга бориб сув ресурслари билан боғлиқ муаммолар кескинлашиши Марказий Осиёдаги ҳамкорликни рақобатдан кўра муҳимроқ эканига ишора қилади. Шу жиҳатдан бугунги изчил ҳамкорлик минтақанинг келажакдаги экологик ва иқтисодий барқарорлигини белгилаб берувчи омилга айланмоқда.
Туризм, маданий-гуманитар алоқалар ва таълим соҳасидаги қўшма лойиҳалар фаоллашуви ҳам интеграциянинг муҳим асосини мустаҳкамламоқда.
Жорий Тошкент учрашуви “Марказий Осиё-2040” концепциясида белгиланган стратегик мақсадларни амалга ошириш учун муҳим босқич ҳисобланади. Мазкур ҳужжат минтақанинг ягона геоиқтисодий макон сифатида шаклланиши, транспорт йўлаклари мувофиқлаштирилиши, энергетика кооперацияси, рақамли интеграция ва хавфсизлик механизмлари яратилишини назарда тутади. Бу – Марказий Осиёнинг ташқи манфаатлар таъсиридан мустақил, минтақа манфаатлари ва ўзаро боғлиқликка асосланган ривожланиш моделини шакллантиришга қаратилган дастурдир.
Тошкент учрашуви минтақавий ҳамкорликнинг халқаро аҳамияти ҳам ортганини кўрсатди. Йиғилишда Озарбайжон Президенти ва БМТнинг Марказий Осиё бўйича махсус вакили иштирок этгани минтақа платформасининг глобал аҳамияти ошиб бораётганидан далолат. Бу эса Марказий Осиёни Евроосиё геосиёсий тизимида мустақил субъект сифатида намоён этиб, ташқи сиёсатда муайян бирлашган позиция шаклланишини мустаҳкамлайди.
Жумабек Сарабеков, Жаҳон иқтисодиёти ва сиёсати институти директори вазифасини бажарувчи (Қозоғистон):
– Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи самарали бўлди, деб айта оламиз. Ушбу сафар давомида Остона ва Тошкент бир-бирини стратегик шерик сифатида қабул қилишини яна бир бор тасдиқлади. Тоқаев ушбу сафар якуни бўйича сўзлаган нутқида “Биз ҳеч нарсага талашмаймиз, аксинча стратегик шерикмиз, бир-биримизнинг позициямизни кучайтириш учун ишлаймиз”, дея таъкидлади.
Менимча, бу ижобий сигнал. Сабаби сўнгги йилларда икки давлат ўртасида жиддий рақобат борлиги ҳақида турли гап-сўзлар тарқалганди.
Бу сигнал бизнинг манфаатларимиз муштараклиги, кўзлаган мақсадларимиз бир-бирига қарши эмаслигини англатади. Бундан ташқари ташриф давомида кўплаб келишувлар имзоланди. Хусусан, икки мамлакат етакчилари қиймати 1 миллиард доллардан ортиқ еттита қўшма лойиҳани ишга туширди. Айниқса, саноат соҳасидаги қўшма лойиҳалар жуда фойдали.
Тошкентда бўлиб ўтган Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарлари Маслаҳат учрашуви эса минтақадаги интеграцияни кучайтирадиган тарихий воқеа бўлди.
Умуман, ўзимиз яшаётган минтақани биргаликда ривожлантириш фақат ўз манфаатимиз учун.
Чингиз Ғанизода, Озарбайжон Демократия ва инсон ҳуқуқлари қўмитаси раиси, юридик фанлар бўйича фалсафа доктори:
– Сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатлари билан Озарбайжон ўртасида ўрнатилган мустаҳкам стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабати, фаол сиёсий мулоқот, шунингдек икки томонлама давлат раҳбарларининг ўзаро ташрифлари янада жадаллашмоқда.
Охирги уч йил Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Озарбайжонга 30 га яқин ташрифи амалга оширилди, Президентимиз Илҳом Алиев шу даврда қардош мамлакатларга 13 марта ташриф буюрди. Бу Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг юксак даражасидан далолат.
Зеро, Озарбайжон етакчиси Илҳом Алиев Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзАга берган интервьюсида мамлакатимиз ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида стратегик аҳамияти ортиб бораётган ягона тарихий, маданий, географик ва геосиёсий макон шаклланаётганини таъкидлагани бежиз эмас.
Шу ўринда Озарбайжоннинг Ўзбекистон билан алоқаларига алоҳида тўхталмоқчиман. Ўзбекистон биз учун қардош давлат, ишончли иттифоқчи. Икки дўст ўлкани умумий илдиз, маънавий қадрият, тил, этник яқинлик, бой тарихий ва маданий мерос бирлаштириб туради. Асрлар давомида халқларимиз бир-бирига чуқур ҳурмат билан муносабатда бўлиб келган. Давлатлараро муносабатларимиз ана шу мустаҳкам пойдеворда муваффақиятли ривожланиб, иттифоқчиликнинг энг юқори поғонасида бораётгани қувонарли.
Ўзбекистон ва Озарбайжон етакчилари ўртасида шаклланган дўстона муносабат икки давлат ўртасидаги алоқалар ривожига ижобий таъсир кўрсатаётган асосий омиллардан биридир. Сўнгги бир ярим йил давомида амалга оширилган беш ўзаро ташриф давомида ўнлаб муҳим, жумладан Стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш тўғрисидаги декларация, Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома ва бошқа ҳужжатлар имзоланди.
Мамлакатларимиз ҳамкорлиги нафақат икки томонлама, балки халқаро платформаларда ҳам муваффақиятли ривожланмоқда. Хусусан, икки ўлка ТДТнинг фаол аъзоси сифатида туркий бирдамликни мустаҳкамлашга муҳим ҳисса қўшмоқда. Бундан ташқари БМТ, Қўшилмаслик ҳаракати, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ва бошқа халқаро тузилмалар доирасида ҳам муносабатларимиз муваффақиятли давом этаётир.
Озарбайжон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 2024 йил 252 миллион долларни ташкил этган бўлса, жорий йил уч чорагида бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 87,5 фоиз ошиб, 319 миллион долларга етди.
Қолаверса, маданий-гуманитар ҳамкорлик мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ва қардошлик муносабатларини мустаҳкамлаш, халқларимиз ўртасидаги бевосита алоқаларни кенгайтиришда муҳим аҳамият касб этяпти. Тошкентда Ҳайдар Алиев ёдгорлиги барпо этилиши, Боку шаҳрида “Ўзбекистон” боғига пойдевор қўйилгани мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона муносабат янада такомиллашгани кўрсаткичидир.
Буларнинг бари Озарбайжон билан Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий, сиёсий, маданий-гуманитар соҳалардаги мустаҳкам қардошлик муносабатини яққол намоён этади, халқларимиз ўртасидаги дўстликни мустаҳкамлаш, маънавий-маданий алоқаларни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Ўткир АЛИМОВ ёзиб олди.
ЎзА