Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Янги марказ таълим сифатини янада оширади
19:16 / 2023-07-06

Жиззах шаҳридаги Россия Федерациясининг Қозон федерал университети Жиззах филиалида тиббиёт ўқув-симуляция маркази иш бошлади.

Қозон федерал университети Россиядаги энг қадимий ва кенг қамровли олий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Унинг Жиззах филиали ўтган 2022 йилда ўз фаолиятини бошлаган. 1 минг 88 ўринга мўлжалланган ушбу олий таълим муассасасида айни пайда 325 нафар талаба таълим олмоқда.  

ҚФУ Жиззах филиалида даволаш иши, стоматология, фармация, тиббиёт биокимёси, журналистика, иқтисодиёт, геология, тилшунослик, дастурий муҳандислик, ахборот тизимлари ва технологиялари ҳамда технологик жараёнлар ва ишлаб чиқаришни автоматлаштириш каби 11 йўналишда мутахассис тайёрланади.  

Россия Федерациясининг ҚФУ Жиззах филиалининг тиббиёт йўналишлари бўйича фаолиятини бошлаган ўқув-симуляция маркази – Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда Жиззах вилояти ҳокимлиги кўмагида ташкил этилди.  

– Мазкур кўп тармоқли ўқув-симуляция лабораториясининг ташкил этилиши профессор-ўқитувчиларимиз учун назария ва амалиётни уйғунликда олиб бориш имконини берса, талабалар 1-курсдан бошлаб сифатли билим олиш бахтига муяссар бўлади, – дейди ҚФУ Жиззах филиали ижрочи директори, техника фанлари доктори, профессор Озод Бобомуродов. – Марказда талабаларга инновацион усуллар орқали таълим беришда амалий ишлар ва илғор хорижий давлатлар ўқитиш услубларидан кенг фойдаланилади. Янги технологияларни ўрганиш, шу орқали беморларнинг соғлиғига хавф туғдирмасдан амалий кўникмалар оширилади ҳамда турли хил клиник вазиятлар таҳлил этилади.  

Дарвоқе, янги марказда талабалар кенг кўламли тиббий муолажаларини ўзлаштиришлари мумкин бўлган симуляция, инъекция, ошқозонни ювиш, ультратовуш текшируви, терапия, турли мураккабликдаги жарроҳлик амалиётларини олиб борувчи ўқув ва лаборатория хоналари мавжудлигини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.  

Шунингдек, марказда стоматология ва юз-жағ жарроҳлиги бўйича амалий кўникмаларни ўрганиш учун симуляция ускуналари билан жиҳозланган стоматология кабинети ва лабораторияси, иккита кимёвий лаборатория, ўқув анатомик музей ҳам ташкил этилган.  

Шу ўринда ушбу олийгоҳда ҳам янги ўқув йили учун қабул параметрлари  Президентимизнинг 2023 йил 15 июндаги “2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида” ги фармойишига асосланган ҳолда амалга оширилаётганини таъкидлаш лозим.    

– Олийгоҳимизга янги 2023-2024 ўқув йили кундузги бўлим тиббиёт йўналиши учун ҳам қабул квоталари сони ортди, – дейди ҚФУ Жиззах филиали қабул комиссияси масъул котиби Жавоҳир Қодиров. – Жумладан, тиббиёт биокимёси  йўналишига янги ўқув йили учун ажратилган квоталар сони жами 50 тани ташкил этиб, шундан 15 давлат гранти ва 35 тўлов-контракт шартномаси асосида ўқишга қабул қилинади.  

Шунингдек, даволаш иши, стоматология ва фармация йўналишларининг ҳар бирига 75 тадан, шундан 22 тадан грант, 53 тадан ўқув контракт шартномалари асосида имтиҳонларни муваффақиятли топширган абитуриентлар талабаликка қабул қилинади.  

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА