Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
“Янги Марғилон” қад ростлаяпти (+видео)
16:54 / 2024-12-18

Марғилон шаҳрида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилиш ишлари жадал давом этяпти.

Бу ердаги 75 гектар ер майдонида 6 минг хонадонли 10 та 12 ва 16 қаватли уйларнинг қурилиши олиб борилмоқда. Шунингдек, бу ерда савдо мажмуалари, 10 та ижтимоий соҳа объекти қурилиши ҳам кўзда тутилган.

– Қурилиш назорат инспекцияси туну кун назорат қилиб бормоқда. Биз қуйилаётган бетонларнинг маркасини аниқлаб, арматурани лабораторияда синовдан ўтказиб, мувофиқлик сертификати бўлган қурилиш материалларини текширувдан сўнг қурилиш майдончасига киритяпмиз, – дейди Қурилиш назорат инспекцияси инспектори Умиджон Узоқов. – Бу уйлар мамлакатимиздаги энг сифатли ва узоқ йиллар халқимизга хизмат қиладиган уйлар бўлади.  

Массивнинг бош режасига кўра, бу ердаги ҳар бир иншоот замонавий архитектура талаблари асосида қурилади. Аҳоли учун қулай шароитлар яратилиши, яшил хиёбонлар, манзарали дарахтлар экилган аллеялар барпо этилишига алоҳида эътибор қаратилган. Шу билан биргаликда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва қурилиш ишларининг сифати муҳим мезондир.

– Мен Россиянинг Сахалин шаҳриданман. Ўзбекистонда инвестиция киритиш учун қулай шароит яратилган, – дейди “MANERON” компанияси директори Виктор Фелюгин. – Фарғонадаги Экошаҳарда 12 қаватли уй қуриб фойдаланишга топширдим. “Янги Ўзбекистон” массивининг Янги Марғилонида  16 қаватли уй қурмоқдаман. Келаси йил эса 3 та 12 қаватли ва 3 та 16 қаватли уйни қуриш ниятим бор.  

Катта йўл ёқасидаги уйлар бирин-кетин қад ростлаяпти. Харидорлар ҳам тез-тез келиб туришибди.

– “Beshbola building’s” қурилиш ташкилоти томонидан 16 қаватли уй қурилиши давом этмоқда. Ҳозир 5-қаватда ишлар олиб бориляпти, – дейди компания менежери Зуҳра Умарова. – Уй-жойга аҳолининг қизиқиши катта. Оилалар келиб лойиҳа ва қурилиш жараёни билан танишмоқда. Ҳозиргача 10 га яқин оила билан уй сотиб олиш ҳақида шартномалар тузилди.  

Мана бу бинонинг пойдеворлари мустаҳкамлик синовидан юқори баҳо олиб ўтди. Қурувчи сидқидилдан ишлаяпти. 

 

– 12 қаватли уйда 70 та хонадон бор. 16 қаватлигида эса 96 та хонадон бўлади, – дейди “Жорий қурилиш сервис” МЧЖ раҳбари Азимжон Йўлдошев. –Замонавий, иссиқ, қулай шароитларга эга уйлар бу. Ҳозир 6-қаватда қурилиш- монтаж ишлари олиб бориляпти. Уй битгач, фирмамиз номидан Марғилондаги уйи йўқ, кам таъминланган ва ногиронлиги бўлган оилаларга иккита хонадонни бепул беришга қарор қилганмиз.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/OPxn-Iie7-Q" title="“Yangi Margʻilon” qad rostlayapti" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Азимжоннинг бу ташаббусини бошқа қурувчилар ҳам қўллаб қувватламоқчи. Ҳа, Янги Марғилон уйлари эзгу ниятли қурувчилар томонидан бунёд этилмоқда.

Муҳаммаджон Обидов, Элёр Олимов (сурат, видео),

ЎзА мухбирлари