Мамлакатимиз мустақиллигининг ўттиз бир йиллик байрами муносабати билан Андижон вилояти туман ва шаҳарларида янги-янги ишлаб чиқариш корхоналари, савдо ва хизмат кўрсатиш иншоотлари, ижтимоий соҳа объектлари фойдаланишга топширилмоқда.
Андижон вилояти Шаҳрихон тумани Шерқўрғон маҳалласида қурилиб, фойдаланишга топширилган замонавий маданият маркази ҳам ана шундай иншоотлардан биридир.
Кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида марказ очилишига бағишланган тадбирда сўз олган Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳ. Дадахонов ва бошқалар томонидан мамлакатимизда маданият соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор туфайли чекка чекка ҳудудларда ҳам замонавий, барча қулайликларга эга маданият объектлари барпо этилиб, халқимизга хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
[gallery-8649]
Мазкур маданият маркази умумий қиймати 5 миллиард 60 миллион сўмга тенг лойиҳа доирасида “Арк сервис монтаж” хусусий корхонаси қурувчилари томонидан барпо этилди.
Янги марказ биносида маъмурият ҳамда тўгараклар ўтказиш учун 8 та хона, кийиниш хоналари, шунингдек, тадбирлар ўтказишга мўлжалланган 300 ўринли ёзги томоша зали мавжуд. Марказда тўгарак машғулотлари ўтказиш ҳамда томошабинлар учун зарур барча қулайликлар яратилган.
Янги маданият маркази Шерқўрғон маҳалласи аҳолиси учун ҳақиқий байрам туҳфаси бўлди.
Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ, З. УМРЗОҚОВ (сурат), ЎзА