Янги маҳсулотлар тақдимоти
Наманганда кичик бизнес субъектлари томонидан “Made in Uzbekistan” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тақдимоти бўлиб ўтди.
Наманганда кичик бизнес субъектлари томонидан “Made in Uzbekistan” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тақдимоти бўлиб ўтди.Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган тадбирда вилоят иқтисодиёт, ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо, солиқ, божхона бошқармалари, “Ўзстандарт” агентлиги Наманган ҳудудий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бошқармаси, тижорат банклари, ишлаб чиқарувчи тадбиркорлик субъектлари вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.
Президентимиз раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор, яратилаётган кенг имконият ва имтиёзлар юксак самаралар бераётгани таъкидланди.
– Вилоят ялпи ҳудудий маҳсулотининг 80 фоизи айнан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари ҳисобига тўғри келаётгани мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган ишлар самарасига яққол мисолдир, – дейди Савдо-саноат палатаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Иброҳимжон Сатторов. – Импорт ўрнини босадиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи корхоналар сафи тобора кенгайиб бораётгани янада эътиборлидир. Вилоятда фаолият кўрсатаётган 112 экспортчи корхонанинг 103 таси кичик бизнес субъектидир.
Тадбирда асал етиштириш ва қадоқлашга ихтисослашган “Соф асал”, полиэтилен хомашёсидан пуфакчали қадоқлаш маҳсулоти ишлаб чиқаришни йўлга қўйган “Norin mega tech”, тикувчилик йўналишидаги “Ixlos tekstil sanoat”, пайпоқ тўқишга ихтисослашган “Sofiya sof tekstil”, пойабзал ишлаб чиқарувчи “Fayz poyabzal savdo” каби қатор корхоналар маҳсулотлари намойиш этилди.
– Мамлакатимизда яратилган қулай сармоявий муҳит Ўзбекистон-Корея қўшма корхонасини ташкил қилишимизда катта аҳамият касб этди, – дейди масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Sofiya sof tekstil” қўшма корхонаси раҳбари Муроджон Қодиров. – Корхонада Жанубий кореялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда эркаклар, аёллар ва болалар учун мавсумбоп пайпоқлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдик.
Тадбир доирасида корхоналар раҳбарлари ўз бизнес лойиҳаларини рўёбга чиқариш йўлида амалга оширган ишлари, корхона фаолияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ҳақида атрофлича маълумот берди. Солиқ, божхона, синов ва сертификатлаш каби қатор назорат ва давлат хизмати кўрсатувчи идоралар вакиллари билан тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга доир масалалар юзасидан фикр алмашилди.